Кўп қаватли турар жойда яшашнинг ўз талаблари бор
Фото: Халқ сўзи
Кўп қаватли уйда яшашнинг ўзига яраша масъулияти, талаблари бор. Ён-атрофдагилар хоҳиш-истаги билан ҳисоблашиш, бир неча хонадонни жамлаган турар жой бир эмас, бир неча оилалар манфаатига бирдек хизмат қилишини унутмаслик жоиз. Баъзан ўзбилармонлик билан бинога қўшимча қурилмаларни қуриш бошқаларнинг турмуш шароитида ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва унга қарши чоралар кўриш қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Андижон вилоят ҳудудий инспекцияси томонидан жорий йилнинг шу даврига қадар Андижон, Хонобод шаҳарлари ҳамда Андижон, Асака, Жалақудуқ, Шахрихон, Қўрғонтепа туманларидаги кўп хонадонли уйлар ва унга туташ ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилди.
— Натижада 147 та ҳолатда қонунбузилиш аниқланди,—дейди ҳудудий инспекция бошлиғи Азизбек Исмоилов. — Ўрганиш ишлари шуни кўрсатмоқдаки, кўп қаватли уйларда аксарият аҳоли ноқонуний қурилмалар қуриш орқали турар жойдан фойдаланиш тартибларига амал қилмаганлар. Шунингдек, уйнинг ички тизимларини ўзгартириш, ертўладан, муҳандислик-коммуникация тизимларидан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда. Юзага келган салбий оқибатларни 15 кун муддат ичида бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилган бўлишига қарамай, унга амал қилмаган 71 нафар шахсга нисбатан 29,6 млн. сўм маъмурий жарималарни қўллашга тўғри келди.
Ўрганишлар давомида, шунингдек, ширкатлар уюшмалари фаолияти ҳам эътибордан четда қолмади. Натижада 9 та қолоқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларида 286 миллион сўмлик қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани маълум бўлди. Бунинг таъсири ўлароқ 231 та кўп қаватли уй-жойлар янги ташкил этилган Бошқарув сервис компанияларига бириктирилди.
Юқорида айтганимиздек, кўп қаватли турар жойлар уларда яшовчи барчага бирдек қулай бўлмоғи шарт. Бу талабни бузиш билан боғлиқ салбий оқибатлар юзага келмаслиги учун назорат ишлари давом этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг