Кўп қаватли турар-жой биносининг зилзилабардошлиги синовдан ўтказилди

12:58 19 Январь 2026 Жамият
201 0

Президентнинг 2024 йил 17 апрелдаги “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида кейинги йилларда янги қурилаётган кўп қаватли турар-жойларнинг зилзилабардошлиги замонавий ускуналар ёрдамида амалий текширувлардан ўтказилмоқда.

Хусусан, Тойлоқ туманининг Чароғбон маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаётган 16 қаватли турар-жой биносида вибродинамик ускуна ёрдамида зилзилабардошлик синови ўтказилди. Бу жараёнга малакали мутахассислар жалб этилди.

Дастлаб бино ҳолати ўрганилди, конструктив элементлар текширилди ва махсус ускуналар ўрнатилди, сўнг зилзилавий таъсирни сунъий равишда ҳосил қилиш ишлари бошланди. Синов жараёнида бино конструкцияларига 8 баллик зилзилага мослаштирилган тебраниш берилди. Бу эса иншоотнинг сейсмик барқарорлигини реал шароитга яқин ҳолатда баҳолаш имконини яратди. Мутахассислар барча жараёнларни махсус жиҳозлар орқали назорат қилиб борди. Бинонинг реакцияси, конструкцияларнинг ҳаракати ва барқарорлиги босқичма-босқич қайд этилди. Синов ишлари уч босқичда амалга оширилиб, дастлабки визуал хулосаларга кўра, бино зилзилавий таъсирларга нисбатан барқарор ҳолатда экани қайд этилди.

Айтиш жоизки, бундай синовлар Ўзбекистон шароитида алоҳида аҳамиятга эга. Бундай тадқиқотлар ҳудуддаги биноларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва зилзилабардошлик даражасини аниқлаш, шунингдек, уни янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки мамлакатимиз сейсмик фаол ҳудудда жойлашган бўлиб, ҳар бир бино ва иншоотнинг мустаҳкамлиги инсон ҳаёти ва мулк хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ. Олинган натижалар асосида келгусида биноларнинг сейсмик барқарорлигини кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланади. Бу эса вилоятда барпо этилаётган барча бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини давлат назоратига олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер