Конструктив ташқи сиёсатни олиб боришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
2021 йил 11 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан «Барқарор тараққиёт ва хавфсизликни таъминлашда изчил ва конструктив ташқи сиёсатни олиб боришнинг устувор йўналишлари» мавзусида фракциялараро амалий мулоқот ўтказилди.
Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасининг изчил ўсишини таъминлашга қаратилган вазифаларни муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий манфаатларга мос келадиган, яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, халқаро майдонда алоқаларни кенгайтиришга қаратилган янги ёндашувлар амалиётга жорий этиляпти. Ташқи сиёсий стратегия охирги тўрт йилда тубдан ўзгарди. Бунда албатта, айни пайтда устувор аҳамият қаратилаётган парламент дипломатияси ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Шунингдек, Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг бекаму-кўст ижроси юртимизнинг халқаро майдондаги имижини юксалтиришга, халқаро ҳамкорлик учун хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантиришга хизмат қилаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.
Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Тўлқин Каримов Ташқи сиёсий фаолият концепцияси – давлатнинг халқаро муносабатлар соҳасидаги ўрта ва узоқ муддатли стратегик мақсад ва вазифаларини қамраб олувчи, миллий манфаатларни илгари суриш, амалга ошириш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ механизмлар ҳамда устувор йўналишларни белгилаб берувчи, ўзида мамлакат ташқи сиёсий фаолиятининг асосий тамойилларини тизимли равишда ифода этувчи доктринал ҳужжат ҳисобланиши ҳақида фикр юритди. Шунингдек, амалдаги Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият концепцияси 2012 йилда қабул қилинган бўлиб, концептуал ҳужжат сифатида ўтган давр (2012-2020 йиллар) мобайнида Ўзбекистон Республикаси прогрессив ташқи сиёсатининг асосий мақсад-вазифаларини ва устувор йўналишлари шунингдек, Президентимизнинг нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки унинг теварагида ҳам хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик маконини, стратегик шериклик руҳини мустаҳкамлашга бўлган юксак сиёсий иродасини яққол намоён этаётгани ҳақида ўз муносабатини билдирди.
«Миллий тикланиш» ДП фракцияси Жаҳонгир Мамажонов таъкидлаганидек, Марказий Осиё геостратегик жойлашувига кўра, минг йиллар давомида жаҳон миқёсидаги жараёнлар марказида бўлиб келган. Минтақамиз доимо ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб кўприк бўлган. Депутат сиёсий, савдо-иқтисодий, трансчегаравий, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, чегара пунктларини кесиб ўтиш каби энг долзарб муаммоларни минтақа давлатлари томонидан очиқ ва дўстона руҳда ҳал қилинаётганига ўз муносабатини билдириб ўтди.
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси Муҳаммад Валиев Ўзбекистоннинг асосий хорижий шериклари ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа қатор давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмаслиги, шунингдек ушбу мамлакатлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги энг ишончли шериклари ҳисобланишига доир фикрларини айтиб ўтди.
ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев Ўзбекистон ва Афғонистоннинг конструктив ҳамда дўстона муносабатлар ўрнатиш борасидаги жиддий интилишлари 2017 йилда томонлар ҳамкорлиги учун мисли кўрилмаган даражадаги истиқбол эшикларини очилганлиги, Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликка қўшилиши учун ҳар томонлама кўмак беришимиз жуда муҳимлиги, бундан ташқари Афғонистон ҳудудидаги таҳдидлар қанчалик кам бўлса, миллий хавфсизликни таъминлашга сарф этиладиган харажатларимиз шунчалик қисқариши ҳақида ўз фикрларини баён қилди.
Экологик партияси фракцияси аъзоси Муқаддас Тиркашева Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатиш бўйича халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласига ҳам кенг эътибор қаратилиши лозимлигини айтиб ўтди. Шунингдек, Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида ташкиллаштирилган Оролбўйи халқаро инновацион марказ фаолияти йўлга қўйилиши ҳақида, айниқса, БМТ билан ҳамкорликда 2018 йилда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларни янада кучайтириш – келгусида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, пировардида эса Оролбўйи минтақасида ижтимоий-иқтисодий ва экологик жиҳатдан барқарор тараққиётга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда фракция аъзолари билдирган фикр-мулоҳазалар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг