Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб олинди

2022 йил 3 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан умумхалқ муҳокамаси даврида масъул қўмиталар томонидан амалга оширилган ишлар, умумхалқ муҳокамаси якунлари ҳамда режалаштирилаётган масалалар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан умумхалқ муҳокамаси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилди. Хусусан, депутатлар томонидан ҳудудларга чиқилган ҳолда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда фуқаролар иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди.
Мазкур учрашувларда Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилгани тўғри бўлганлиги фуқаролар томонидан алоҳида эътироф этилди. Мулоқотлар жараёнида аҳоли томонидан депутатларга кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Буни қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси давомида 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Умумхалқ муҳокамаси даврида масъул қўмиталарнинг қарийб 40 маротаба мажлислари ўтказилди. Қўмита мажлисларида мутахассислар, экспертлар, жамоатчилик, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Қолаверса, таклифлари долзарб аҳамият касб этган муаллифлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг берган таклифини бевосита ўзининг иштирокида масъул қўмиталарда муҳокама этилди.
Хусусан, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида яшовчи фуқаролардан келиб тушган “оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки тўсқинлик қилиш ман этилиши ҳамда қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши”ни Конституцияда акс эттириш ҳақидаги таклифлари масъул қўмиталарнинг жорий йил 29 июлдаги қўшма йиғилишида муаллифларнинг иштирокида муҳокама этилди ва бу таклиф ҳам долзарб деб топилди.
Шунингдек, айрим фуқаролар ўз таклифларини айнан юридик жиҳатдан таҳрир қилиб беришмасада, лекин уларнинг ғояси долзарблигидан келиб чиқиб масъул қўмиталарнинг ўзи томонидан тегишли таклиф матнлари тайёрланди. Масалан, “инсоннинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши” борасида берилган таклифга асосан: “Меҳнатга оид ҳуқуқлар давлат ҳимоясидадир. Давлат органлари меҳнатга оид ҳуқуқлар бузилишига йўл қўймаслик чораларини кўради” деган таклиф матни ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, “Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳақида берилган таклифдан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқларга эга” деган таклиф тайёрланди.
Савол-жавобларга бой бўлган мажлисда фуқароларимиз томонидан давлат органлари фаолиятининг очиқ бўлиши ва уларга коррупцияга қарши курашиш мажбуриятини юклаш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, маҳаллий Кенгашларга ҳам ҳокимларга ишончсизлик вотумини билдириш ваколатини бериш каби билдирилган айрим таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир якунида қўмиталар томонидан Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг