Конституцияга киритилаётган барча янгиликлар инсон манфаатларига хизмат қилади

11:44 20 Апрель 2023 Сиёсат
542 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ва бир гуруҳ депутатлар Жиззах вилоятида маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, тиббиёт вакиллари, ишлаб чиқариш корхонаси ходимлари билан учрашиб, янгиланаётган Конституциядан ўрин олган янги демократик қоидалар, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида кенг ахборотлар берди.

Қайд этилганидек, бугунги ҳаётимизда инсоннинг фаровон яшашига, давлатнинг барқарор ривожланишига жиддий таъсир этаётган коррупция, монополия, масъулиятсизлик, нокомпетентлик, бепарволик каби иллатлар ҳали ҳам мавжудлигини рад этиб бўлмайди, Янгиланаётган Конституцияга киритилаётган нормалар айнан ушбу иллатларнинг илдизига болта уришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Учрашув ва мулоқотларда фуқаролар Конституцияга киритилаётган барча янгилик биринчи навбатда инсон манфаатига хизмат қилиши, ундаги нормалар ҳамма учун тушунарли ифодалангани, ҳар бир фуқаро унда ўзини кўра олишини айтиб, референдумда фаол иштирок этишларини маълум қилди.

Али ОҚМУРОДОВ, Бахмал туманидаги “Дўстлик” МФЙ фаоли:

— Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар бир инсон ўз ҳаётида сезяпти. Давлатимиз раҳбари жамиятимизга меҳр дунёсини олиб кирди. 

Янгиланаётган Конституцияда ҳам инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланмоқда. Энг муҳими, Конституциямизда “шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги” мустаҳкамланмоқда. 

Киритилаётган ўзгаришлардан аҳоли жуда мамнун. Ишончим комилки, референдум юксак кўтаринкилик руҳида ўтади.

Рустам ҲАМДАМОВ, халқ депутатлари Ғаллаорол тумани Кенгаши депутати:

— Мен Конституциявий ислоҳотларнинг ҳар бир босқичини диққат билан кузатдим. Ҳатто Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисининг икки кун давом этган муҳокасида айтилган ҳар бир фикр, киритилаётган янгиликларни эшитиб жуда хурсанд бўлдим. 

Менинг эътиборимни тортган энг муҳим нормалардан бири бу — фуқароларнинг давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиши давлат ҳисобидан кафолатланаётганидир. Таъкидлаш жоиз, муҳтож фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга қурби етмагани боис, уларнинг ҳуқуқлари чекланган деб қаралиши мумкин. 

Бунинг устига ҳозирда бепул юридик ёрдам фақат жиноят қонунчилиги доирасида кўрсатилади. Фуқаролик ишлари, меҳнат низолари ва бошқа йўналишларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилмайди.

Эндиликда, фуқаролар нафақат жиноят ишлари доирасида, балки фуқаролик, меҳнат ва бошқа соҳаларда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин бўлади.

Санобар ДЎСАЛИЕВА, Бахмал туманидаги 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

— Мамлакат тараққиётининг янги даврида ўқитувчиларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан – пахта йиғим терими, ободонлаштириш ишларига жалб этилишдан холос қилинди, таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка чек қўйилди. Бу каби омиллар таълим сифатининг яхшиланишига, ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашига, ўқувчиларнинг билиши ошишига хизматқиляпти. 

Айниқса, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда. 

Ўйлайманки, мазкур норма устоз ва мураббийлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматининг мустаҳкам ҳимояланишига хизмат қилади.

Бахтиёр АКРОМОВ, Ғаллаорол туманидаги “Сарбозор” МФЙ фаоли:

— Узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистонда ерга нисбатан хусусий мулкнинг тўлақонли жорий этилмаганлиги ҳақиқий мулкдорлар қатламини етарлича шаклланмаслигига, ерни ҳақиқий товар сифатида бозор муомаласига киритилмаслигига ҳамда хорижий инвесторларни миллий иқтисодиётга нисбатан ишончини пасайишига олиб келди. 

Бугунги кунда фуқароларга тегишли уй-жойлар, тадбиркорларга тегишли бинолар жойлашган ер участкалари уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли эмас, яъни бино ўзиники, ер давлатники. Бозор иқтисодиёти ерни ҳам хусусий мулк асосида уларга тегишли бўлишини талаб этади.

Янгиланаётган Бош қомусимизда Ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Ҳеч бир муболағасиз ушбу норма янгиланаётган Конституциямиздаги ҳақиқий инқилобий янгиликларидан бири сифатида мулкчилик муносабатлардаги катта кемтикни тўлдирди деб айтсак, асло муболаға бўлмайди. Барчамиз эртанги кунимизни белгилаб берадиган тарихий ҳужжатга бефарқ бўлмаймиз.

Ҳудуддаги учрашув ва мулоқотлар давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер