Конгода номаълум касаллик тарқалмоқда. Унинг пандемияга айланиш эҳтимоли қандай?

10:25 19 Декабрь 2024 Дунё
129 0

2024 йилнинг октябрь ойи охирида Конго Демократик Республикасида номаълум касаллик тарқалиб, кўплаб беморларнинг ўлимига сабабчи бўлган эди. Кванго провинциясидаги Панзи тиббиёт-санитария зонасида аниқланган номаълум касаллик безгакнинг оғир шакли бўлиб чиқди. Бу ҳақда «USA Today» Конго ДР соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берди.

«Бу сир ниҳоят очилди. Номаълум вирус нафас олиш йўллари касаллиги кўринишидаги оғир безгакнинг бир тури эканлиги аниқланди. Тўйиб овқатланмаслик маҳаллий аҳолини заифлаштириб, уларда касалликларга нисбатан заиф иммунитетни яратган», — дейилади соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Конго ДР ҳукумати расмий маълумотига кўра, касалланганлар сони жами 593 нафар, шулардан 36 нафари вафот этган. Ўз навбатида, аввалроқ Кванго провинцияси маъмурияти 143 киши ўлганини тасдиқлаган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго вазирлигининг ушбу баёнотидан хабардор эмаслигини маълум қилди.

«Касалликнинг сабабини аниқлаш учун ҳамон лаборатория текширувлари ўтказилмоқда. Баъзи намуналар ЖССТ лабораториясига тахминан 48 соат давомида етиб келмоқда, шунинг учун касалликни аниқлаш учун жуда кўп вақт керак бўлмоқда», — дейди ЖССТ.

ЖССТ маълумотига кўра, ҳар йили жаҳонда 620 минг киши, асосан болалар безгак касаллигидан вафот этади. Ўлим ҳолатларининг 93 фоизи Африка мамлакатларига тўғри келади. Конгодаги ушбу касалликнинг глобал пандемияга айланиш эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда. Шунга қарамасдан, Африка мамлакатлари хавфли касалликлар ўчоғилигича қоляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер