Конференция кун тартибида Фарғона водийсида фан ва технологиялар йўналишларини ривожлантириш масалалари

10:58 15 Май 2023 Жамият
576 0

Фото: «Халқ сўзи»

Наманганда Ўзбекистон Фанлар академиясининг 80 йиллик юбилейи ҳамда Фарғона водийсида фан ва технологиялар йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди. Наманган муҳандислик-технология институти мезбонлиги остида, Фанлар Академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда академиклар, водий вилоятларидаги олий таълим муассасалари ректорлари ва етакчи профессор-ўқитувчилари, ёш олим ҳамда тадқиқотчилар иштирок этдилар.

Анжуманда қайд этилганидек, сўнгги йилларда  Фан ва технологияларни жадал ривожлантиришда физика, техника ва математика фанларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс ортиб бормоқда. Бунда айни йўналишда меҳнат қилаётган соҳа мутахассислари учун яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар катта роль ўйнаяпти. Ҳусусан, ҳукумат қарори билан “Ярим ўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника”, қўшма “Халқаро қуёш энергияси институти”, “Юқори технологиялар маркази” каби янги илмий-тадқиқот институтлари очилгани бунинг яққол тасдиғидир. Бу ўз навбатида мамлакат халқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур бўлган, илм-фанни талаб қилувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва натижадорликни таъминлаш имконини бермоқда.

Икки кун давом этган анжуман кун тартибидаги муҳокамалар чоғида айни йўналишда олиб борилаётган илмий - тадқиқот ишлари самараси, таклиф этилаётган лойиҳалар мазмун-моҳиятига соҳа вакиллари эътиборини қаратиш орқали мавжуд муаммоларга илмий томондан ечим топишга эътибор қаратилди.

Конференция якунларига кўра, олий таълим муассасаларида илмий-инновацион йўналишларда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан, фундаментал ва амалий грант лойиҳалари бўйича халқаро танловларда биргаликда иштирок этиш, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш орқали дўстона алоқаларни янада кенгайтириш, илм-фанни янада ривожлантириш асносида ишлаб чиқариш корхоналаридаги долзарб масалаларни илмий жиҳатдан ҳал этиш каби муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер