Кўкдаланинг илк Наврўзи

Фото: Халқ сўзи
Наврўз - халқимизнинг кўп асрлик қадриятлари, урф-одатлари, анъана ва маросимларини ўзида мужассам этган байрам. У янгиланиш ва яшариш фасли, инсон ва табиат ўзаро бир бутунлик касб этадиган айём. Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда киши қалби кўкликларга, кенгликларга талпинади.
Шундан келиб чиққан ҳолда Қашқадарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Наврўз тадбирлари «Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!» деган бош ғоя асосида очиқ майдонларда, умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилмоқда.
Жумладан, вилоятнинг Деҳқонобод ҳамда Яккабоғ туманларда Наврўз тадбирлари 16 март куни нишонланган бўлса, 17 март куни Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор, Касби, Косон ва Кўкдала туманларининг асосий Наврўз сайллари ўтказилди.
Таъкидлаш жоиз, кўкдалаликларга бу йилги байрам янги туманнинг илк Наврўзи сифатида янада ўзгача иштиёқ ва кўтаринкилик бағишлади..
Наймансарой қишлоғи ҳудудидаги қир-адирлар бағрида ўтказилган байрам сайлига ёшу қари бирдек оқиб келди гўё.
Бир томонда Кўкдаланинг миллий қадриятлари, анъана ва урф-одатларини акс эттирувчи ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар кўргазмалари ташкил этилган бўлса, бир томонда бахшилар сулув қизлар ёноғидаги холидан, алп йигитларнинг ўзбекона ғуруридан, оридан айтиб куйлайверди. Дорбозлар арқон узра югуриб, томошабинларни ҳайратга солди, полвон йигитлар катта кураш мусобақасида, чавандозлар эса улоқ-кўпкари ўйинида ўз куч ва маҳоратини, абжирлигини кўз-кўз этишди. Дошқозонлардан сумалак ва ош дастурхонларга тортиқ этилди.
Дилга ором берувчи мумтоз наволар, фольклор-этнографик жамоалар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар, айниқса, пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар чиқишлари тадбирга янада шукуҳ бағишлади.
18 март куни ҳам Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши, Нишон, Миришкор, Муборак ва Қарши туманларида Наврўз сайллари ўтиши кутилаётган бўлса, вилоятнинг асосий байрам сайли 19 март куни ўтказилади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Наманган Халқаро фестиваль меҳмонларини 30 миллион туп гул ва чечаклар билан кутиб олади
- Хитой-Марказий Осиё саммити: Сиан меҳмонларни кутиб олишга тайёр
- 1 июндан бошлаб «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади
- Президент бокс финалини томоша қилди – Фоторепортаж
- Сиан шаҳрида Ўзбекистон-Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди
- Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг