Хусусий шерик нега яккаланиб қолди? Бунга «Агробанк»нинг Касби тумани филиали раҳбарлари айбдорми ёки маҳаллий ҳокимлик?

Фото: "Халқ сўзи"
Касбилик Бекзод Қиличев тадбиркор йигит. Ушлаган жойини қўйвормайди. Яъни бир ишни бошладими, охирига етказмагунча тиниб-тинчимайди. Рости, иши ҳар доим ҳам «ўхшайвермайди». Чунки у «олди-берди»ни ёмон кўради. Ҳалол ризқ топиб оиласини боқишга одатланган. Шу боис ўзи истиқомат қилаётган Касби туманидаги Хўжақарлиқ қишлоғида 160 ўринли боғча қуришга ер олиш учун қанча вақти кетди, асаблари зирқиради.
— Тўғриси, ерни жуда қийинчилик билан қўлга киритдим, — дейди “Yulduz Alijon” хусусий мактабгача таълим муассасаси таъсисчиси Бекзод Қиличев. — Адолат қарор топди. Лекин боғча қуришга келганда, бундай катта муаммоларга дуч келаман, деб сира ўйламаган эдим. Аммо қийинчиликлардан қочмадим. 160 ўринли боғча қуриш учун тайёрлаган ҳужжатларим асосида Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Б. Онорбоев билан 2021 йилнинг 4 октябрида битим тузиб, хусусий шерик мақомига эга бўлдим...

Алдагани бола яхшими?
Бекзод Қиличев битим имзоланган куннинг эртасигаёқ ҳужжатларни «Агробанк»нинг Касби тумани филиалига олиб борди. Афсуски, филиал раҳбарлари уни очиқ чеҳра билан кутиб олишмади. Нега дейсизми?
— Чунки битим 5,2 миллиард сўмдан зиёд маблағга тузилган бўлиб, бу миқдорнинг 3 миллиард 520 миллион сўми банкнинг 5 фоизли кредити ҳисобидан тўланиши белгиланган эди, — дейди тадбиркор. — Банк раҳбарлари менга «Ўзингизнинг зиммангизга олган 1,7 миллиард сўмлик ишни бажаринг, кредитни кейин берамиз», дейишди.
Бекзод Қиличев ишдан қочмайдиган тадбиркор эмасми, хусусий шерик сифатида боғча қурилишини бошлаб юборди. Унинг йилига 3 миллиард дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган заводи борлиги учун ҳам бинони қуришда қийинчиликларга учрамади. 160 ўринли боғчанинг биринчи қавати битди. Шундан сўнг эса...
— Банк раҳбарлари менга бинонинг биринчи қавати томини ёпсангиз, кредит берамиз, дейишди, — дейди Б. Қиличев. — Бунга ҳам кўндим. Бинонинг биринчи қаватини плита билан ёпиб, банкка бордим. Аммо улар сизнинг кредит тарихингиз ўрганилганда «средний» чиқди, қабилидаги баҳонани рўкач қилишди. Кайфиятим тушиб кетди: наҳотки, шунча иш қилиб ҳам кредит ололмасам, деган фикр миямда яшиндек чақнади.
Биласиз, болажон халқимизнинг эрта тонгдан фарзандини тинчхотиржамликда, ақлли, доно, билимли бўлиши учун таълим-тарбия масканига жўнатишдек ширин ташвиши бор. Ахир, юртимизнинг бахти, келажаги ҳам шу болажонларимизку?
Умуман, инсон фарзанди ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди. Аммо сиз яшаб турган ҳудудда мактабгача таълим ташкилоти бўлмасачи?!
Келинг, шу ўринда, бошдан дўппини олиб, бир мулоҳаза қилсак: Хўжақарлиқ қишлоғида 600 нафар мактабгача таълим ёшидаги бола бор. Шундан 100 нафардан зиёди боғча ва тайёрлов гуруҳига жалб этилган бўлса, қолган 500 нафарга яқини боғчаларга қамраб олинмасдан қолиб кетмоқда. Шунинг учун ҳам 2021 йил 10 июнда «Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Ва айнан шу қарор асосида Хўжақарлиқ қишлоғида 160 ўринли давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга киришилди.
2 миллиард сўмлик иш уддаланди, иккинчи томон нега жим?
Бу ҳақда банк мутасаддиси шундай дейди:
— “Yulduz Alijon” нодавлат мактабгача таълим муассасаси томонидан тақдим қилинган ҳужжатларда чалкашликлар мавжудлиги учун кредит ажратилмаяпти, — дейди «Агробанк»нинг Касби тумани филиали раҳбари Нодир Юсупов. — Масалан, таъсисчи Бекзод Қиличев фаолияти Кредит-ахборот таҳлилий маркази кредит бюроси орқали мониторинг қилинганда 283 балл билан «средний» даража қайд этилди.
— Бу мониторинг яқинда ўтказилди, тадбиркор эса 8 ойдан буён югуриб юрибди, нега керакли ҳужжатлар рўйхатини дастлаб банкка мурожаат қилган пайтда тақдим этмадингиз, — дея сўраймиз филиал раҳбаридан.
— Тақдим этганмиз, лекин КАТМ ҳамма ҳужжатлар тахт бўлганидан сўнг таҳлилни бошлайди, бунга қадар вақт ўтиб кетди...
Умуман, Н. Юсуповнинг гапидан шундай хулоса чиқадики, тадбиркор банкка ишониб, хусусий шериклик асосида ўз мажбуриятини бажаради, яъни 2 миллиард сўмлик ишни уддалайди. 160 ўринли боғчанинг биринчи қаватини битириб, томини ёпади. Шунча иш дўндирилгач эса банк «Сизнинг кредит тарихингиз «средний» чиқди. Сизга кредит ажрата олмаймиз», дейди.
Саволлар туғилади: нега, шу гапни тадбиркор 2022 йилнинг 10 январида банкка ҳужжат топширганида айтишмаган? Нега олти ой ўтгач, кредит бериш рад этилаётир? Бу тадбиркорнинг вақтини ўғирлаш эмасми? Ваҳоланки, тадбиркор банкка ҳужжатларни 2022 йилнинг 10 январида эмас, балки 2021 йилнинг 5 октябридан буён топшириш учун елиб-югурган. Ўз навбатида, банк ҳужжатларни қабул қилишни пайсалга солиб келган, тадбиркор кредит ҳужжатини 15 марта қайта тўғрилашга мажбур этилган.
Қолаверса, тадбиркор хусусий шерик. Тарозининг иккинчи палласида давлат, яъни Мактабгача таълим вазирлиги, унинг вилоятдаги тузилмалари, АТ «Агробанк», маҳаллий ҳокимлик, назорат органлари, қолаверса, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги турибди. Бу ташкилотларнинг номини тилга олаётганимизнинг боиси шундаки, Президентимизнинг 2021 йил 10 июндаги «Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида айнан мазкур ташкилотлар мутасаддилари зиммасига вазифалар белгиланган.
Хусусан, мазкур ҳужжатда «Мактабгача таълим вазирлиги (Шин, Онорбоев) тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, шаклланган маблағлар доирасида: хусусий шерикларга имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашсин», деб белгилаб қўйилган.

КАТМ кредит бюроси қарз олувчини «қора рўйхат»га киритмайди
— Кредит бюроси қарз олувчиларни ҳеч қандай «қора рўйхат»га киритмайди. «Қора рўйхат» оғзаки ибора бўлиб, баъзи кредит ташкилотлари ходимлари томонидан салбий кредит тарихи ёки пост скоринг баллни изоҳлаш учун ишлатилган бўлиши мумкин, — дейди Кредит-ахборот таҳлилий маркази кредит бюроси маркетинг ва кредит ахбороти таҳлили департаменти директори ўринбосари Машҳурбек Раҳимов. — Молиявий секторда скоринг потенциал қарз олувчининг тўлов қобилиятини баҳолашда қўлланилади. Скоринг балл қарз олувчининг кредит тарихи маълумотлари асосида ҳисобланиб, кредит қарзини ўз вақтида тўлай олиш эҳтимолини баҳолайди. Скоринг балл қанчалик юқори бўлса, қарз берувчи томонидан кредит аризаси маъқулланиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.
Яна шуни алоҳида айтиб ўтмоқчи эдимки, скоринг баллни амалдаги мавжуд барча муддати ўтган кредит қарздорликларни бартараф этиш, қарзларнинг умумий суммасини камайтириш, расмий даромадни ошириш, ижобий кредит тарихига эга бўлиш ва кредитлар бўйича қарзларни ўз муддатида тўлаб бориш орқали оширишга эришиш мумкин.
Бундан кўриниб турибдики, касбилик тадбиркор Бекзод Қиличевга «Агробанк»нинг Касби тумани филиали орқали кредит ажратиш мумкин. Фақат «бу ҳужжатинг нотўғри, у маълумотноманг ишончсиз» деб уни ноумид қилгандан кўра, банк ходимлари муаммони биргаликда ечганида, тадбиркорга ёрдам берганида, муаммо узоқ чўзилмаган бўларди. Агар иш ҳамкорликда олиб борилганида, Хўжақарлиқ қишлоғидаги 160 ўринли боғча белгиланган муддатда, яъни 2022 йилнинг май ойида ишга туширилиб, паст қамровли ҳудуд ҳисобланган Касби туманида Президент қарори ижроси таъминланган бўларди.
Нега «Протокол»га тушган 4 та боғчанинг бирортасига ҳам кредит берилмади?
Президентнинг юқорида зикр этилган қарори ижроси юзасидан Касби тумани мактабгача таълим бўлими мудири Абдураҳмон Янгибоевни ҳам суҳбатга тортдик.
— “Yulduz Alijon” нодавлат мактабгача таълим муассасаси таъсисчисига ҳамма ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашганмиз, — дейди А. Янгибоев. — У ўз зиммасидаги мажбуриятни ҳам кам-кўстсиз уддалаган. Аммо бу ўринда банк томонидан унга нега имтиёзли кредит ажратилмаётгани ҳақида фикр билдиришга ожизман.
— Ўзи Касби туманида давлатимиз раҳбари қарори асосида нечта боғча қурилиши мўлжалланган? — дея сўрайман мутасаддидан.
— “Yulduz Alijon” нодавлат мактабгача таълим муассасасидан ташқари яна учта паст қамровли қишлоқда боғча қурилиши бошланган. Улар «Зафар-Зебо эркатойи» — 175 ўринли, «Муқаддас Султон» — 100 ўринли, «Баҳор гуллари» — 50 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасалари бўлиб, уларга ҳам банк томонидан ҳозиргача кредит ажратилгани йўқ...
Тирноқ остидан кир қидириш ниятимиз йўқ. Сўнгсўз ўрнида айтмоқчи бўлганимиз шуки, боғча қуришга жазм этган тадбиркорларнинг маблағи ҳам, гарови ҳам, имконияти ҳам бўлади. Йўқса, улар бу ишга қўл уришмаган бўларди. Мана оддийгина мисол: юқорида номи тилга олинган «Баҳор гуллари» нодавлат мактабгача таълим муассасаси муассиси Фарҳод Абдураҳмонов 50 ўринли боғчани банк кредити ажратилиши белгиланган бўлсада бошқа манбалардан маблағ топиб, ишга тушириб юборди. «Агробанк»нинг Касби тумани филиали раҳбарлари эса тадбиркорни молиявий қўллаб-қувватлашнинг уддасидан чиқа олишгани йўқ. Бўлмаса, бу нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳам вазирлик билан давлат-хусусий шериклик асосида битим имзолаган...
Бу ўринда хоҳиш, сўз ва амал бирлигининг ифодаси жараёнда муҳим аҳамият касб этишини мутасаддиларга яна бир бор эслатмоқчимиз, холос.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача таълим муассасаларини замон талаблари даражасига олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бир пайтда бу каби ҳолатларнинг учраб туриши уят, бу йўналишда ҳамон ишга виждонан ёндашмайдиганларнинг борлиги ачинарли. Дарвоқе, давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида «Ким мен билан дўст бўлмоқчи бўлса, мактабгача таълим ва мактаб билан шуғуллансин», дея таъкидлаганларидан Касбидаги мутасаддилар ҳали хулоса чиқаришмаган кўринади.
Фахриддин БОЗОРОВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг