Хуш келдинг, айланай, ҳусну малоҳатингдан!

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Юрт гавҳари ва марвариди бўлган Фарғонада шу кунларда она табиат зебо келинчакдек ороланиб, музаффар ҳаёт тантанаси нафақат она табиатда, балки инсон қалбида ҳам янгиланиш ва яшариш иштиёқи, ажиб туйғуларни жўш урдираётгани айни ҳақиқатдир.
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан жорий йилги Наврўз умумхалқ байрами «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида вилоятнинг барча ҳудудларида умумхалқ сайллари шаклида кенг нишонланмоқда.
Фарғона шаҳрида бунёд этилган Экошаҳардаги амфитеатрда Наврўзи олам муносабати билан вилоятнинг асосий байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбир аввалида шаҳар-туманлардан келган тадбиркорлар, ҳунармандлар кўргазмаси ташкил этилди. Халқ сайллари, миллий спорт ўйинлари уюштирилиб, барчага хуш кайфият улашилди.
Муҳташам амфитеатрда жам бўлган тадбир қатнашчиларини вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров самимий муборакбод этди.
— Шу фурсатдан фойдаланиб, вилоят аҳлини янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрами билан чин қалбимдан қутлайман, — деди вилоят ҳокими. — Қутлуғ Рамазон ойи билан уйғунлашган шукуҳли кунларда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонингизга файзу барака, элу юртимизга тинчлик-омонлик ҳамда фаровонлик тилайман.
Таъкидлаб ўтилганидек, бу йил ҳар жиҳатдан Фарғона учун юксалиш, тараққиёт йили бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йилда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинди. Ишлаб чиқилган мақсадли кўрсаткичларга кўра, жорий йилда вилоятда 6 миллиард доллар миқдоридаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, 1,5 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади, 3,7 миллиард доллар ҳажмидаги инвестициялар ўзлаштирилади.
Тантанали тадбирда театрлаштирилган бадиий дастур намойиш этилди. Мумтоз куй-қўшиқлар, болажонларнинг шўх-шодон чиқишлари, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мадҳ этувчи тароналар, пойтахтдан ташриф буюрган эстрада юлдузлари ижросидаги қадрдон оҳанглар каттаю кичикка хурсандчилик улашди.
Дарҳақиқат, Наврўз энг қадимий байрамларимиздан бири ва асрлар мобайнида халқимизнинг ўзлигини намоён этиб келаётган қадриятдир. Бу айём инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик каби хислатларимиз бардавомлигини таъминлайди.
— Севимли байрамингизда илк бор қатнашиб, самимий, ҳамиша табассум қилиб турадиган халқингизнинг бир-бирига бўлган меҳрига қойил қолдим, — дейди Фарғона шаҳридаги Президент мактабининг математика фани ўқитувчиси, Буюк британиялик Поул Роуботом. — Биринчи таассуротдаёқ ушбу байрам менга жуда ёқди. Айниқса, байрам аввалида қўлигул чеварлар менга ўзбекона дўппи совға қилишгани ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлиб қолади.
Байрам тадбирида дунёнинг кўплаб давлатларидан келган меҳмонларни кўриб, шундай бахтли даврада эканлигимдан беҳад мамнун бўлдим. Билимга чанқоқ ёшлар, шодон даврада яйраб рақсга тушаётган йигит-қизлар, нуронийларга жуда ҳам ҳавасим келди. Юртингиздаги тинч-осойишта ҳаётга асло кўз тегмасин!
Айни кунларда Наврўзи олам тантаналари вилоятимиз шаҳар-туманлари бўйлаб давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Таэквондочиларимиз клублар ўртасидаги Осиё чемпионатини 14 та медаль билан тугатишди
- Дуатлон: энг кучлилар маълум бўлди
- Самбо: вакилларимизнинг халқаро турнирдаги муваффақияти
- Ўзбекистонлик боксчилар Осиё чемпионатида 27 та медалга эга чиқди
- 2025 йилги FIDE Жаҳон рапид ва блиц чемпионати Қатарда ўтказилади
- Оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг