Хорижлик кузатувчилар Хоразмда сайлов юксак сиёсий фаоллик асосида ўтаётганини таъкидлашди
Фото: “Халқ сўзи”
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – муддатидан илгари Президент сайловида хоразмлик сайловчилар ҳам юрт келажагига дахлдорлик туйғусини намойиш этиб, юксак сиёсий фаоллик кўрсатишди. Вилоят ҳудудидаги 553 та сайлов участкасида сайлов жараёни миллий қонунчилигимиз ҳамда жаҳон ҳамжамиятида тан олинган демократик принципларга тўлиқ мувофиқ ҳолда, очиқ-ошкора ва адолатли тарзда ўтказилди.
Бу фикрни жараёнда бевосита иштирок этган халқаро кузатувчилар якдиллик билан эътироф этдилар.
Fariza Sham — халқаро кузатувчи, профессор (Малайзия):
— Малайзия миллий университетининг ислом цивилизацияси институтида фаолият олиб бораман. Ўзбекистонда 2021 йилда ҳам халқаро кузатувчи сифатида сайлов жараёнларида қатнашган эдим. Мамлакатингизда бундай сиёсий тадбирларга жуда катта тайёргарлик кўрилади. Бу гал ҳам сайлов участкаларида сайловчилар учун барча шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистонга қизиқишим жуда катта. Негаки, юртингиздан етишиб чиққан ал-Хоразмий, ал-Беруний, имом ал-Бухорий, ат-Термизий каби мутафаккирлар ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган.
Аввал Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида бўлган бўлсам, бу гал илк бор Хоразм вилоятига келдим. Қадимий Хиванинг Ичанқалъа мажмуасини томоша қилишни орзу қилардим. Сафар давомида бу ниятим ҳам амалга ошди. Таассуротларим бир олам.
Инга Абгарова — халқаро кузатувчи (Греция):
— Аввало, мен Ўзбекистондаги шундай муҳим сиёсий тадбирда кузатувчи сифатида иштирок этаётганимдан мамнунман. Мамлакатингиз сайлов тизими юксак демократик талаблар даражасида шаклланган. Жойларда сайлов участкалари фаолияти билан танишиб, ушбу сиёсий тадбирга пухта тараддуд кўрилганлигига амин бўлдим.
Сайловолди ташвиқотини олиб боришда барча тарғибот воситаларидан самарали фойдаланилгани сабабли сайловчилар Президентликка номзодларнинг ҳаракат дастурларидан яхши хабардор. Ҳар бир номзод учун тенг имкониятлар яратилгани ҳамда сайлов очиқлик, ошкоралик руҳида, демократик тамойиллар асосида ўтганига шубҳа йўқ.
Елена Булдакова — “Планет 360. Инфо” халқаро ассоциацияси президенти (Италия):
— Президент сайловига тайёргарлик ва овоз бериш жараёнлари менда катта таассурот қолдирди. Сайловчилар барча зарур маълумотлар билан таъминланган. Мени ҳайратга солган нарса фуқароларда ватанпарварлик туйғуси жуда кучли ва сиёсий жараёнга қизиқиши юқори.
Урганч ва Хива шаҳарларидаги сайлов участкаларини кузатиш жараёнида бунинг гувоҳи бўлдим. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз беришлари учун яратилган шароитлар, кўзи ожиз фуқаролар учун брайл ёзувидаги сайлов бюллетенларининг чоп этилгани, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳбусларнинг конституцияда белгиланган ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланишлари учун имконият яратиб берилгани нафақат қонун устуворлиги ва демократия тантанаси, балки инсонпарварликнинг ҳам олий намунасидир.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг