Хорижлик экспертлар Самарқанднинг маданий меросни асраш борасидаги ўрни юқори эканлигини таъкидлашди

15:36 25 Июль 2022 Маданият
1000 0

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

Самарқандда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамкорлигида «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI Халқаро Конгресси бўлиб ўтди.

Конгрессда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлади.

«Ушбу Конгресс Президент Шавкат Мирзиёев томонидан янги Ўзбекистонда санъат ва маданий мерос соҳасида амалга оширилган улкан ислоҳотлар натижасидир. Нисбатан қисқа вақт ичида сезиларли ютуқларга эришилганини қайд этиш жоиз. Маданий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш мамлакатимизнинг стратегик устувор йўналишларидан бири бўлиб, натижада 2022 йил февраль ойида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташкил этилди.

2022 йил 6 июлда эса Ўзбекистон ЮНEСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасига аъзо бўлди.

Музейларнинг мақоми ва аҳамиятини ошириш, археологик тадқиқотлар, илмий билим ва салоҳиятни юксалтиришга қаратилган комплекс дастурларни жорий этиш орқали маданий мерос ҳукумат кун тартибининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Пандемиядан кейинги дунё контекстида жаҳон жамиятининг Ўзбекистон ва унинг бутун дунё бўйлаб ҳамкорларининг маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак қадрланаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Туризм ва маданий мерос вазирлигининг бевосита ЮНEСКО билан ҳамкорлиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, ЮНEСКОга алоҳида миннатдорлик билдирамиз», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади ҳам халқаро конгресс иштирокчиларига мурожаат қилди.

У ўз нутқида маданий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. Энг муҳими, Самарқанднинг маданий меросни асрашга қўшган ҳиссаси юқори эканлигини таъкидлади.

«Бу маскан энг катта моддий ва маънавий бойликларни ўзида жамлаган. Бу ерда барча миллат, маданият ва дин вакиллари истиқомат қилади. Шу боис Самарқанд барчамиз учун беқиёс инсоний қадриятлари учун ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу, ўз навбатида, бугунги кунда бизни бирлаштирган ушбу Конгресс каби тадбирларни қўллаб-қувватлашни рағбатлантиради», – дея айтиб ўтди Ношади.

Конгрессда сўзга чиққан хорижлик экспертлар ҳам Самарқанднинг маданий мерос борасидаги аҳамиятини алоҳида қайд этишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер