Хорижий ОАВ вакили Қорақалпоғистон Республикасида сайловга тайёргарлик жараёнлари билан танишди

20:14 07 Июль 2023 Жамият
686 0

Фото: “Халқ сўзи”

Айни кунларда Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатимиз бўйлаб сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёнларини кузатишмоқда.

Нукус шаҳрига ташриф буюрган “Welt Trends” журнали (Германия) бош муҳаррири Др.Хуберт Тиеликке 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Хорижлик журналист 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси Т. Атамуратов билан учрашиб, округ аъзоларининг сифат таркиби, Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёнлари ҳақида суҳбатлашди.

Таъкидланганидек, округ сайлов комиссияси аъзоларининг 74 фоизи олдин ҳам сайлов жараёнларида қатнашган тажрибали ходимлардир. Қорақалпоғистон округи ҳудудида 654 та сайлов участкаси тузилган бўлса, мазкур сайлов участкаларига маҳаллий ҳокимликнинг тавсиясига кўра, эл ичида обрўга эга 6266 нафар комиссия аъзолари тасдиқланди. Ушбу комиссия аъзоларининг 50,9 фоизи хотин-қизлардан иборат. Комиссия аъзолари турли миллат вакилларидан иборат бўлиб, қорақалпоқ, ўзбек, рус, туркман ва бошқа миллат вакилларини ташкил этиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, округ сайлов комиссияси раиси сиёсий жараённинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлаш ҳамда унга тайёргарлик жараёнларини кенг ёритиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимлигини, бу борада журналистларга ахборотларни тезкор етказиш мақсадида 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ташкил этилгани ҳамда 4 нафар журналистлар жалб этилганини таъкидлаб ўтди.

Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер