Хорижга кўрпа-тўшак экспорт қилаётган аёл

16:38 18 Март 2022 Жамият
1508 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон тумани Завроқ қишлоғига келсангиз, энг аввало, йўл четида сотиш учун стулларга тахлаб қўйилган кўрпа-тўшаклар эътиборингизни тортади. Шундан ҳам билса бўладики, бу қишлоқнинг хотин-қизлари асосан мазкур ҳунар ортидан даромад топадилар.

— Шоҳизинда деб аталувчи кўчамизда 360 та хонадон бўлса, шундан 46 тасида истиқомат қилувчи аёллар кўрпа-тўшак тикиш билан шуғулланади, — дейди «Завроқ» МФЙ раиси ўринбосари Маҳфузахон Тўйчиева. — 20 йилдан буён шу ҳунарнинг ортидан барака топиб келаётган опа-сингилларимиз нафақат ўзлари, балки маҳалламиздаги 216 нафар уй бекаларини доимий даромад манбаи билан таъминламоқдалар. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳалланинг ўзида хом ашё билан таъминловчи цех ва дўкон фаолияти тикланди. Қолаверса, шу кунгача 26 та хонадон таркибида савдо дўкони ташкил этилди.

Ўзбек аёли қўлига игна тутқазсангиз, бутун юртни кийинтиради, дейди халқимиз. Завроқда бунга яна бир бор амин бўлдик. Қўл меҳнати билан яратилаётган ўзбекона маҳсулотлар сифатли ва харидоргирлиги боис опа-сингилларимиз даромади ҳам чакки эмас. Уйдан чиқмаган ҳолда маблағ ишлаб топишнинг ҳадисини олган Яйрахон Маҳкамованинг асли касби ҳамшира. Узоқ йиллар давомида вилоят шифохонасида меҳнат қилган. Нафақага чиққач, мана 6 йилдирки, кўрпа-тўшак тикиш билан машғул.

— Ишлаб юрган пайтларим ҳам қўшниларимизнинг кўрпа-тўшакларини қавиб, қўшимча даромад топардим, — дейди Яйра опа. — Нафақага чиққач, икки келинимни ёнимга олиб, шу ҳунар билан шуғуллана бошладик. Аввалига ўзимиз қавидик. Уйимиз катта йўлнинг бўйида жойлашгани боис маҳсулотимизни кўча четига олиб чиқиб қўярдик. Шунинг учун харидорлар уйимизга кириб келарди. Ҳеч қачон бозорга бориб савдо қилмаганмиз. Ишларимиз юришиб кетгач, буюртмалар ҳам ортди. Бугунги кунга келиб, маҳалламиздаги 15 нафар аёлни ишга жалб қилганмиз. Уларнинг ҳар бирига меҳнатига қараб бир ойда 1 ярим миллиондан 2 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаймиз. Оилавий даромадимиз ҳам чакки эмас. Олти йил мобайнида автомашина сотиб олдик, дўкон қурдик, ўғлимизга атаб уй қуряпмиз, яна тўй қилдик.

Яйра опанинг маҳсулоти сифати билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис буюртмалар сони ҳам кўп. У тиккан кўрпа-тўшаклар Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинаётир.

— Пахтадан қавилган кўрпа-тўшаклар ҳавони яхши ўтказади, одамни терлатмайди, — изоҳ беради ҳунарманд опа. — Синтетик хом ашёдан тайёрланган маҳсулотдан фарқли ўлароқ инсон саломатлиги учун кони фойда. Шу зайлда бугунги кунда ўндан зиёд турда маҳсулот чиқаряпмиз. Бизда бешикка ёпқичлардан тортиб автомашинага тўшамаларгача топилади. Келинлар сепига неки зарурат бўлса, ҳаммаси дўконимизда бор.

Уйдан чиқмаган ҳолда нафақат рўзғорни бутлаётган, балки бошқаларнинг ҳам даромад топиши учун мададкор бўлаётган бу каби ҳунарманд аёлларимизнинг ҳар бир амали ибратга лойиқ.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?