Хоразмда «Қовун сайли» фестивали давом этмоқда
Қадимий ва навқирон Хивада ҳар йили августь ойида, айни пишиқчилик мавсумида ўтказиладиган «Қовун сайли» фестивали яна дунё сайёҳларини, юртимиз меҳмонларини ўзига чорлади. Ичанқалъа мажмуаси ва «Арда Хива» халқаро туризм марказида бўлиб ўтаётган маданий тадбирлар, кўргазмалар, театрлаштирилган томошалар сайлга ўзгача шукуҳ, жараёнларни жонли эфирлар орқали томоша қилаётган мухлисларга жўшқин кайфият бағишлаяпти. Шаҳар ва туманларга ажратилган павильонларда 167 хил навларга мансуб қовунлар, қовунни қайта ишлаш орқали олинган 200 турга яқин маҳсулотлар кўргазмага қўйилган.

Фестиваль доирасида пойтахтимиздан ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган машҳур эстрада юлдузлари, фольклор жамоалари иштирокида концерт дастурлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар ва либослар кўргазмаси ташкил қилинган.

— «Қовун сайли» фестивали полиз маҳсулотларини етиштирувчи ҳамда қайта ишловчи фермер ва тадбиркорлар учун ўзига хос тажриба алмашув, соҳадаги янгиликлар, селекция натижалари билан танишув майдони вазифасини ҳам ўтайди, — дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг Хоразм илмий тажриба станцияси раҳбари Санъат Қаландаров. — Илмий тажриба станциямизда қовун уруғларининг 130 хил намунаси экилиб, генофонд сифатида сақланмоқда. Бу йил Урганч давлат университети олимлари билан ҳамкорликда «Ифтихор», «Гандимён», «Кумуш» деб номланган янги навларни яратдик. Фестивалда Хоразмнинг қайта тикланган кўплаб қадимий навларига мансуб қовунларни кўргазмага қўйдик.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур фестиваль Хоразм қовунчилигини кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар эътиборини жалб этиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Одилбек ОДАМБОЕВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг