Хонадонлар саришта, кўчалар обод бўлмоқда

11:52 30 Октябр 2025 Жамият
174 0

Тўрақўрғон туманининг марказдан йигирма чақирим олисдаги Шовон маҳалласида “Тозалик ва озодалик” ойлиги аҳолининг фаол иштироки билан намунали ўтказилмоқда. Хусусан, ҳудуддаги 800 та хонадонда истиқомат қилаётган 4,5 мингга яқин фуқароларнинг аҳиллиги шарофати билан ободонлаштириш ишлари кўлами янада кенгайган. Кўча бўйлари ва ариқлар тозаланиб, мавжуд дарахтларга кузги шакл берилаётир. “Юксалиш” кўчасида яшовчилар ташаббуси билан ҳомийлик маблағлари ҳисобига тўрт километрли ички йўлларга асфальт ётқизилмоқда. Йўл қопламаси узоқ вақт сақланиб туриши учун ҳар бир ҳовли эгаси унинг четлари ва суғориш тармоқларини бетонлашга киришган.

— Ойлик давомида куз-қиш мавсумига ҳозирлик тадбирларини ҳам тўла ниҳоясига етказамиз, — дейди МФЙ раиси Ғайбулло Мамадалиев. — Электр энергияси узлуксизлигига эришиш мақсадида иккита 400 киловатт кучланишли трансформатор ўрнатилди, 237 та симёғочлар бетон таянчларга алмаштирилди. Аҳоли хонадонларида эса томорқаларни тартибга келтириш, ҳосилдан бўшаган майдонларга тўқсонбости экинлар экиш авжида.

Ватан ободлиги маҳалладан бошланади ва кўнгилларга кўчади. Бу Шовонда амалга оширилаётган хайрли юмушларда ҳам яққол исботини топмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?