Хизмат кўрсатиш соҳаси – Фарғона иқтисодиёти драйвери

12:42 19 Февраль 2025 Жамият
254 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасида Фарғона вилоятини ривожлантиришнинг 2025 – 2029 йилларга мўлжалланган дастури ишлаб чиқилди. Бу дастур халқимизга ҳар жиҳатдан тўкис, муносиб турмуш шароити яратиш, тадбиркорлик, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш каби соҳаларни вилоят иқтисодиёти драйверига айлантириш учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Айтиш жоиз, Фарғона вилоятида сўнгги беш йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2,7 баробарга ошди. Келгуси беш йилда эса ЯҲМ ҳажмини 167,5 трлн. сўмга, аҳоли жон бошига 36,5 млн. сўмга етказиш мақсад қилинган. 2025 – 2029 йилларда Фарғона вилоятининг яна бир драйвери – хизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши икки баробарга оширилиши кўзда тутилган.

Беш йиллик дастурда Фарғона вилоятини ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида 1,7 млн. дан ортиқ, 2025 йилнинг ўзида 340 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда. «Камбағалликдан – фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш натижасида вилоятда камбағаллик даражасини 2025 йили – 5 фоиз, 2029 йили эса 2,4 фоизга тушириш мақсад қилинган.

— Айни пайтда хизматлар соҳаси вилоят иқтисодиёти ривожида салмоқли ўринга эга, — дейди Фарғона вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Илёс Новиков. — Буни рақамлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 2017 йили вилоятда 11,7 мингта хизмат кўрсатиш корхоналари фаолият кўрсатган бўлса, ўтган йил якунига келиб уларнинг сони 36,7 мингтага етди. Биргина 2024 йилнинг ўзида хизмат кўрсатиш соҳасида 4 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлагани мазкур тармоқ нечоғли жадал ривожланаётганидан далолат беради.

Ўтган йили вилоятда хизматлар соҳасида 120 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлса, амалда ушбу кўрсаткич қарийб 187 мингтага етказилгани эътиборга лойиқ. Яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида 2024 йил мобайнида 39 минг нафар ҳамюртимиз норасмийдан расмий секторга ўтказилди. Ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига 125,7 мингта инсоннинг доимий бандлиги таъминланди.

Эзгу ташаббусга кўра, вилоятдаги мингдан зиёд маҳаллада 18 турдаги хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилиб, бу борада ўтган йилнинг ўзида 3712 та янги тадбиркорлик субъектлари фойдаланишга топширилди. Маиший хизмат, туризм, таълим ва тиббиёт, савдо ва бошқа истиқболли соҳаларда иш бошлаган тадбиркорлар қисқа фурсатда маълум бир йўналишга ихтисослашиб, кучли рақобат шароитида бозорда ўз ўрнини топди.

— Шунингдек, ўтган йили шаҳар ва туманларда хизмат кўрсатиш ва савдо объектларини ташкил этишга мўлжалланган 44,5 гектар ер майдонлари 1458 та лотларга ажратилиб, аукцион савдоларига чиқарилди, — дея суҳбатимизни давом эттиради Фарғона вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг хизматлар соҳасини ривожлантириш шўбаси бошлиғи Зоҳиджон Солиев. — Ўз навбатида аукцион савдоси орқали 76 та ер майдонининг ғолиблари аниқланиб, енгил конструкцияли савдо ва сервис шохобчалари ишга туширилди.

Шу билан бирга, халқаро автомагистраль йўл бўйларида умумий қиймати 56,3 миллиард сўм бўлган 29 та лойиҳа амалга оширилди. Мисол учун, халқаро автомагистраль йўлнинг Ёзёвон тумани ҳудудида тадбиркор Иброҳимжон Турғунов 0,5 гектар ерда сунъий балиқ кўли ташкил этди. Ҳозирда балиқ ови ишқибозлари учун мазкур кўлда балиқ овлаш, шу жойнинг ўзида пишириб тановул қилишга шароит яратилди.

Яқин истиқболда тадбиркор кўлни кенгайтириш ҳисобига ўрдак, ғулғул каби паррандаларни боқишни йўлга қўйиш ва умумий овқатланиш шохобчасини ташкил қилишни мақсад қилган.

— Кейинги йилларда туризм салоҳиятини ошириш, янги савдо ва сервис объектларини ташкил этиш учун вилоятдаги 12 та кўча 24/7 режимида ишлайдиган туризм кўчаларига айлантирилди, — дейди Фарғона вилояти туризм бошқармаси мутахассиси Нодира Зокирова. — Бу кўчаларга сайёҳларни кенг жалб этиш мақсадида 100 га яқин замонавий лойиҳалар фойдаланишга топширилди. Ҳозирда Фарғона, Қўқон шаҳри ҳамда бир қатор туманларда туризм кўчалари энг гавжум ҳамда файзли масканларга айланиб улгурди. Қувонарлиси, бу манзиллар оҳанрабоси эндиликда хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига мафтун этмоқда.

2024 йили Фарғона вилоятида ИТ хизматлари ҳажми 346,3 миллиард сўмни ташкил этиб, атиги бир йил олдингига қараганда 120 фоизга ошди. ИТ-Парк Фарғона филиали раҳбари Баҳромжон Жалиловнинг қайд этишича, ўтган йил якуни билан вилоятда 7,4 миллион долларлик ИТ хизматлари экспорти амалга оширилди. ИТ-Парк резидентлари сони 103 тага етказилди. Бу компаниялар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, 50 фоизи дастурчилар ҳиссасига тўғри келади.

Айтайлик, тадбиркор Шерзод Парпиев бу соҳа учун тақдим этилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, «Давр РУ» компаниясини ташкил этди ва 300 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Шунингдек, «Audiотеле» компаниясида 120, «Юникол» компаниясида 300, «Телеконтакт» компаниясида 200 ҳамда «Медиаплатформ» компаниясида 100 нафар йигит-қизлар меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга «Audiотеле» компанияси қошида аутсорсинг хизматлари кўрсатишга ихтисослашган халқаро колл-маркази ҳам иш бошлади.

Ўз навбатида, вилоятда транспорт, авиация, соғлиқни сақлаш соҳаларида кўрсатилаётган хизматлар кўлами йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Бевосита туризм йўналишига қаратилаётган эътибор ва рағбат туфайли ўтган йили вилоятга 476 мингга яқин чет эллик сайёҳлар ташриф буюрди. Меҳмон уйлари 264 тага ҳамда юлдуз тоифасидаги меҳмонхоналар сони 10 тага етказилди. Бугунги кунда вилоятда 124 та туроператорлар ва 44 та турагентлар фаолияти йўлга қўйилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар асосида муҳим ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган.

— Биринчи навбатда вилоятдаги барча маҳаллаларда энг зарур 18 хил хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш учун 3362 та савдо ва сервис объектлари ишга туширилади, — дейди Илёс Новиков. — Аҳолини бандлигини таъминлаш мақсадида хизматлар соҳасида 180 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

Вилоятнинг 8 та (Фарғона шаҳри, Бувайда, Данғара, Ёзёвон, Сўх, Учкўприк, Фарғона ва Қува туманлари) ҳудудидан кесиб ўтган каналлар, кўл ва соҳил бўйларида 53 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади. Вилоятнинг 7 та ҳудудидан ўтган халқаро автомагистраль йўл бўйида 161 та савдо ва сервис хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлайди.

Қува тумани марказидаги «Ғалаба» МФЙда туризм кўчаси ташкил этилади ҳамда икки қаватли замонавий савдо дўконлари қурилади. Шунингдек, унга ёндош ҳудуддаги хиёбон замонавий кўринишга келтирилиб, ташриф буюрувчиларга куну тун хизмат кўрсатадиган масканга айланади. Умуман олганда, жорий йилда вилоятнинг 19 та шаҳар ва туманида яна биттадан кўчани 24/7 режимида ишлайдиган марказий кўчаларга айлантириш чоралари кўрилади.

Ўз навбатида, Фарғона, Қува, Олтиариқ, Риштон ва Бешариқ туманлари марказларида жойлашган 5 та истироҳат боғи тўлиқ реконструкция қилиниб, ободонлаштирилади. Хусусан, пиёдалар йўлакчаси таъмирланиб, кўча чироқлари янгиланади ҳамда манзарали дарахтлар экилиб, яшил майдонлар барпо этилади.

Айни кунларда вилоятда туризм хизмати имкониятларини тўлиқ ишга солиш учун Қува ва Ёзёвон туманида жойлашган сув омбори ҳудудларида яшиллик даражасини ошириш ҳамда 100 дан ортиқ янги хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш мақсадида мастер режалар ишлаб чиқилиб, амалий ишларга киришилди.

Шунингдек, Фарғона туманининг Шоҳимардон ҳудудида замонавий туризм комплекслари ҳамда Сўх туманида Сўх дарёси соҳили бўйлари ва тоғ ён бағри ҳудудларида замонавий мажмуалар ташкил қилиш бўйича мастер режалари ишлаб чиқилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?