Хивада Марказий Осиё давлатларининг форуми бошланди

12:56 12 Сентябр 2024 Жамият
329 0

Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Иккинчи парламентлараро ўтказилаётган форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламентлари раҳбарлари ва делегациялари, шу жумладан, ёшлар парламенти ва гуруҳлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўқиб эшиттирди.

Олий Мажлис Сенати Раиси анжуман доирасида сўзга чиқиб, бугунги кунда минтақанинг барча давлатлари ўзининг келгуси тараққиётини бевосита Марказий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва фаровонлигига узвий боғлиқ ҳолда кўришини, давлат раҳбарларининг олий даражада эришаётган келишувларини самарали амалга ошириш, ҳамкорлик форматларини янада ривожлантиришда парламентлар ўртасидаги ўзаро алоқалар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг ҳар бир давлат делегацияси раҳбари ўз кириш сўзида форумнинг аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар, мақсад ва вазифаларига тўхталди.

Қайд этиш жоизки, форум Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари, давлат ҳокимияти вакиллик органлари, ёшлар парламентлари ҳамда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадини кўзлайди.

Айни вақтда анжуман ўз ишини 4 та панель сессия доирасида давом эттирмоқда.

Форум натижалари бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида парламентлараро ҳамкорликнинг янги шакллари ва йўналишларини ишлаб чиқилади. Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари ва маҳаллий вакиллик органларининг фаол иштирокини кенгайтиришга қаратилган таклифлар ўрганилади. Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар парламентлари ва гуруҳларининг минтақа парламентлари раҳбарларига мурожаатларини юборади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда хотин-қизлар ва ёшларнинг ролини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Форум якунида Хива декларацияси қабул қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер