Хитойдан Олмалиқ ва Термиз учун йўловчи автобуслар харид қилинади

Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари М.Умаров раҳбарлигида видеоконференсия шаклида Хитойнинг «Zhongtong Bus Holdings Co., Ltd» компанияси, CIB банки ва «Sinosure» суғурта ташкилоти вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Учрашувда ҳудудларга замонавий автобусларни харид қилиш лойиҳаларини молиялаштириш билан боғлиқ масалалар кенг муҳокама қилинди. Мазкур ташаббус орқали аҳолига кўрсатилаётган жамоат транспорти хизматлари сифатини янада яхшилаш мақсад қилинган.
Муҳокамалар давомида Олмалиқ ва Термиз шаҳарларига замонавий автобуслар сотиб олиш бўйича аниқ режалар белгиланди. Хусусан, Олмалиқ шаҳрида «Olmaliq Tranc Service» МЧЖ томонидан 83 дона автобус харид қилиниши кўзда тутилган. Шу билан бирга, Термиз шаҳрида ҳам жамоат транспорти хизматларини яхшилаш мақсадида «Термизтранспортхизмат» МЧЖ томонидан 100 дона замонавий автобус харид қилиниши режалаштирилган. Бу ташаббуслар аҳолининг транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва транспорт қатновининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашув давомида фақатгина Олмалиқ ва Термиз шаҳарларигагина эмас, балки республиканинг бошқа вилоятларига ҳам замонавий автобусларни етказиб бериш масаласи кўриб чиқилди. Жумладан, автобусларни харид қилишда кредит ва лизинг шартларини енгиллаштиришга қаратилган таклифлар илгари сурилди. Бу эса, мамлакатнинг турли ҳудудларида жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолининг транспорт хизматларига бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур учрашув давомида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва жамоат транспорти соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш орқали мамлакат транспорт тизимини янада самарали ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Учрашув натижалари асосида яқин келажакда замонавий автобуслар етказиб берилиши ва аҳоли учун қулай жамоат транспорти тизими яратилиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг