Хитойдаги парад АҚШ ва Европа хавфсизлигига сигнал берди

17:12 04 Сентябр 2025 Дунё
1397 0

Ушбу ҳафта Россия президенти Владимир Путин Украина ва унинг Европадаги иттифоқчиларига аниқ бир сигнал берди: Москва давом этади, чунки унинг кучли дўстлари бор.

Россия раҳбари Хитойдаги турли тадбирларда Украинага қарши уруш олиб боришда ёрдам берган раҳбарлар билан учрашди. У Хитой етакчиси Си Цзиньпин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан елкама-елка турди.

Путин бундан уч йил олдин ўзининг анча кичикроқ ва кучсизроқ қўшнисини уч кунда босиб оламан, деб ўйлаганди. Аммо Россия Хитой ва Ҳиндистон пуллари, Эрон қуроллари ҳамда Шимолий Кореядан келган ҳарбийларсиз курашни давом эттира олиши даргумон эди.

Хитойдаги саммит ва ҳарбий парад Ғарбга янада кучли сигнал берди. Хитойда йиғилган раҳбарлар ҳамма нарсада келиша олмаслиги, уларнинг баъзилари бир-бирини унчалик ёқтирмаслиги ҳам мумкин. Аммо улар Ғарбнинг глобал миқёсдаги ҳукмронлигини тугатиш учун бир жойга тўплана олади. Европа эса бундай “отишма”нинг чизиғида бўлишдан қўрқади.

Воқеалар Европа нима учун ўз хавфсизлигини қайта кўриб чиқиш кераклиги ҳақида аниқ эслатма беряпти. Минтақа сўнгги йиллар давомида Россия раҳбарини яккалаб қўйиш ва унинг иқтисодини сиқувга олишга ҳаракат қилди. Шунга қарамай, Путин дунёнинг энг қудратли одамлари билан бирга бўлиб, уларнинг дўстлигини яна бир бор тасдиқлади.

Совуқ уруш тугаганидан кейин ўрнатилган халқаро тартиб, шубҳасиз, бузилиш хавфи остонасига келиб қолди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг “Америка биринчи” дастури глобал саҳнадан чекинмоқда. Айни пайтда, Европа ўз муаммолари билан курашяпти, жумладан, ўта ўнг миллатчилик ва иқтисодий босимларнинг кучайиши минтақани чалғитмоқда.

“Ғарб иттифоқининг халқаро масалаларда ўрнатилган ҳукмронлиги пасайиб боряпти ва улар халқаро тизимни жиддий тарзда қайтадан қуриш имкониятини кўришмоқда”, — деди Янги Евроосиё стратегиялари маркази таҳлил марказининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Жон Лоф CNN телеканалига.

Пекин саммит ва парад ўтказар экан, ўз амбицияларини ҳаммага ошкор қилмоқчи эди. Айнан бу Трампга қаратилган эди ва уни ҳам беэътибор қолдирмади.

“Сизлар АҚШга қарши фитна уюштиряпсиз, Владимир Путин ва Ким Чен Инга ҳам саломимни етказинг”, — деган Трамп ушбу воқеаларга муносабат тарзида.

Урушга кирмасдан туриб, уруш ичида бўлиш

Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги пайтлардаги яқинлашувга қарамай, Хитой ва Ҳиндистоннинг Россиянинг Украинадаги урушига ёндашувида прагматизм устунлик қилади.

Иккаласи ҳам урушда ўзларининг бетарафлигини таъкидлайди, шу билан бирга Россияга молиявий ёрдам бериш орқали урушни кучайтирадилар.

Хитой ҳам Ҳиндистон ҳам Ғарб билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришга тайёр бўлмаса-да, Россия Ғарбга қарши кун тартибини илгари сураётганидан хурсанд.

“Хитой кўп қутблилик ва умуман Ғарб таъсирини камайтириш борасида Россияга анча яқинроқ. Бу ерда мафкуравий яқинлик ва соф иқтисодий манфаат ҳам бор”, — дейди экспертлар.

Лофнинг айтишича, Россиянинг АҚШ ҳукмронлигидаги дунё тартибига қарши интилиши ҳиндларга ҳам маъқул келади. Ҳиндистон Россиянинг глобал бошқарув тизимини аҳоли сони кўп бўлган, ўсиб бораётган иқтисодларга мослашишга қаратилган таъминлаш дастурини илгари сураётганидан норози эмас.

Пекин ва Деҳли ҳозир Россия нефти ҳамда кўмирининг дунёдаги энг йирик икки харидори, Хитой эса Россиянинг газ ва нефть маҳсулотларининг иккинчи йирик харидоридир. Бундан ташқари санкциялар сабабли Россия чип ва телекоммуникация ускуналарини ушбу давлатлардан олмоқда.

“Хитой ҳақиқатан ҳам жуда муҳим етказиб берувчи эканлигини кўриш учун Украинага учирилаётган рус дронларидаги Хитой компонентлари сонига қараш керак”, — дея қўшимча қилди Лоф.

Шу билан биргаликда Украина ва унинг Европадаги иттифоқчилари Ҳиндистон ҳамда Хитойни заифлашишини унчалик ҳам истамайди. Агар Трамп Путинга урушни тўхтатиш учун босим ўтказишдан бош тортадиган бўлса, бу ишни катта эҳтимол билан Пекин ёки Нью-Деҳли қилиши мумкин.

Шимолий Корея ва Эрон эса Россия тарафида собит қолади. Ядровий дастурлари ва бошқа фаолияти туфайли Ғарб томонидан аллақачон изоляция қилинган ва бу икки давлатнинг йўқотадиган нарсаси йўқ. Айниқса, Эрон урушнинг дастлабки кунларида Москвага ёрдам бериб, унга санкцияларни айланиб ўтишга ёрдамлашди. Энг муҳими, Украинадаги жангларини сезиларли даражада ўзгартирган “Шаҳед” дронини ҳам тақдим этган. Икки давлат ҳатто янги ҳамкорлик шартномасини имзолаб, қўшма ҳарбий машғулотларни бошлади.

Шунга қарамай, Теҳрон Россия билан ҳар қандай иттифоқнинг ҳам чегараси борлигини тушуниб етди. Ушбу ёзда Эрон Исроил ва кейинроқ АҚШ томонидан ҳужумга учраганида Путин ёрдам бермади. Авваллари Россия ва Эроннинг асосий иттифоқчиси бўлган Суриянинг собиқ президенти Башар ал-Ассадга хавфсиз чиқиш йўлини таъминлашдан ташқари, декабрь ойида Асад режими ағдарилганда Путин аралашмади.

Таҳлилчиларга кўра, яккаланиб қолган ва қашшоқлашган Шимолий Корея учун Россия билан муносабатлар фақат транзакция бўлиб қолмоқда. Россия аскарларга муҳтож ва Шимолий Корея ўз халқини урушга юборишга қодир бўлган ягона давлат эди ва шундай ҳам қилди. Чунки Ким Чен Иннинг йўқотадиган нарсаси йўқ, унга жамоатчилик фикри ҳам таъсир ўтказа олмайди.

Прагматизм ҳамма нарсадан устунми?

Путиннинг Хитойда илиқ кутиб олиниши, саммит ва ҳарбий парад давомида намоён бўлган ҳарбий ва дипломатик қудрат билан бир қаторда, бир хабарни етказиш учун мўлжалланган эди.

Бу хабар АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши тура оладиган давлатлар борлигини намоён этиш эди.

Бир неча йил олдин тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсалар, масалан, Германия мудофаа харажатларини ошириш учун конституцияни ўзгартириши ёки қатъий нейтрал Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши каби жараёнларни ҳеч ким ўйламаган. Бу геосиёсий ўзгаришлар туфайли рўй бермоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Путиннинг Си ва Моди билан хушмуомалалиги кўплаб Европа пойтахтларида қандайдир ноқулайлик туғдирган бўлсада, бу иқтисодий прагматизм ва имкониятлар уйғунлигини ҳам акс эттирмоқда.

Таҳлилчи Лофга кўра, ушбу муносабатлар ўзаро кучли меҳрга асосланмаган. Бу мамлакатлар иттифоқи эмас, балки манфаатлар иттифоқидир. Трампнинг қолган президентлик муддатида манфаатлар ўзгариши мумкин.

Эксперт яна қўшимча қиладики, бундай катта ўйин бунақа сценарийда тугамайди. Чунки бу ерда ўзаро келиша олмайдиган давлатлар ҳам бор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?