Хитойда Алишер Навоий таваллуд куни олдидан қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда
Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги олдидан мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси ҳамда Шанхайдаги Бош консулхонаси томонидан Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш асносида кенг тарғибот ишлари амалга оширилмоқда, деб хабар берди «Дунё» АА.
Жумладан, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида талабалар иштирокида шеърхонлик кечаси ташкил этилди. Ушбу маърифий тадбир чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти, Алишер Навоий шеърияти ва сўзининг қудрати, унинг улкан маънавий мероси, Навоий шеърлари хитой тилига таржима қилингани ҳолда Хитойда бир неча маротаба алоҳида тўплам ҳолида нашр этилгани билан боғлиқ маълумотлар юзасидан атрофлича фикр юритилди.
Шу билан бирга, элчихонанинг Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлашга доир тадбирлари режасига биноан Хитойда бўлиб турган ватандошлар билан видеоконференция ташкил этилиб, ушбу тадбир доирасида ваколатхона томонидан хитой тилига таржима қилинган Навоий шеърлари янги китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Юқоридагилар билан бирга, мамлакатимизнинг Шанхайдаги Бош консулхонаси ходимлари, ўзбек тилидан сабоқ олаётган хитойлик талабалар, ўзбекистонлик ёшлар ва маҳаллий жамоатчилик вакиллари Шанхай университети марказий майдонида Алишер Навоий сиймосига эҳтиром рамзи сифатида ўрнатилган ҳайкал пойига гул қўйди.
Мазкур тадбир доирасида хитойлик ва ўзбекистонлик ёшлар буюк бобокалонимизнинг муборак ҳайкали ёнида ғазал мулкининг султони ижодидан намуналарни ёддан ўқиб берди.
— Алишер Навоий ҳайкали Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона ва маданий муносабатларининг юксак тимсоли ҳисобланади, — дейди Шанхай университетининг Халқаро алоқалар бошқармаси директори ўринбосари Лю И. — Фурсатдан фойдаланиб, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий туғилган кун олдидан ташкил этилган бугунги тадбирнинг барча иштирокчиларини ушбу қутлуғ сана муносабати билан самимий муборакбод этаман. Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ва маърифий алоқалар янада равнақ топишига ишонамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” мусобақаси бошланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг