Хитой Фарғона вилоятига 40 миллион долларлик инвестиция киритади

11:28 03 Июль 2024 Жамият
182 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти ҳокимлигида Хитойнинг «Shiyan Zhenke Industrial Technology» компанияси раҳбари Сяо Сянсян билан учрашув бўлиб ўтди.

Юзма–юз мулоқотда Хитой компанияси томонидан Фарғона вилоятида икки босқичда амалга ошириш режалаштирилаётган махсус транспорт воситалари ишлаб чиқаришни мақсад қилган инвестиция лойиҳаси истиқболлари кўриб чиқилди.

Маълумки, жорий йилнинг июнь ойида Фарғона вилояти ҳокимлиги делегацияси Хитойда бўлиб, бу борада дастлабки келишувларга эришилган эди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 20 миллион доллар инвестиция жалб этиш ҳисобига Фарғонада йиғиш, пайвандлаш ва бўяш линияси ташкил этилади. Натижада, йилига 500 та махсус транспорт ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Иккинчи босқичда яна 20 миллион доллар инвестиция киритилиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1000 тага етказилади. Лойиҳани тўлиқ молиялаштириш муддати уч йил ва бу орқали махсус транспорт воситаси бозорга маҳаллий бренд остида чиқарилади.

Ишонамизки, лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгач, бундай транспорт воситалари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?