Хазонлар ноёб хомашё
Мутахассисларнинг айтишича, бир тонна барг ёқилганда 9 килограммгача зарарли тутун ҳавога кўтарилади. Бу микрозарралар ичида чанг ҳам, азот оксидлари ҳам, ис гази ҳам, инсон учун энг хавфли моддалардан бири — диоксин ҳам бор. Улар ҳаво орқали инсон танасига кирса, иммунитетни заифлаштиради, тананинг табиий мезонини бузади, ҳатто организмнинг энг нозик жараёнларига ҳам путур етказади. Аввало, инсоннинг ўпка тизими зарарланади. Заҳарли моддалар қон орқали бутун танага тарқаб, буйрак, жигар, бош мия ва асаб тизими ишдан чиқишига олиб келиши мумкин. Бундан англашиладики, хазонларни ёқиш нафақат табиатга, балки инсон саломатлиги учун ҳам жиддий хавфдир. Шу боис бундай ҳолат қонунчилигимизда ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади.
Дала ёки аҳоли пунктларида хазон, шох-шабба ва бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқиш — Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддаси, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4 ва 24-моддаларига зид ҳаракат ҳисобланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига мувофиқ, бундай қонунбузарлик учун фуқароларга БҲМнинг 3-5 баравари, мансабдор шахсларга эса 5-10 баравари миқдорида жарима белгиланади. Агар бу иш бир йил ичида яна такрорланса, жазо миқдори яна бир неча бараварга оширилади.
Оёқ остидаги хазонлар кимгадир кераксиз, қолиб кетган барглардек туюлиши мумкин. Аммо табиатда ҳеч нарса бежиз яратилмаган. Европанинг кўплаб мамлакатларида тўкилган барглар йиғиб олинмайди. Америка Қўшма Штатларида эса ҳудудни, ҳатто ўзингизнинг шахсий ерингизни ҳам барглардан тозалаш айрим ҳолларда жиддий қонунбузарлик сифатида баҳоланиши мумкин. Россияда Москва шаҳар маъмурияти ҳам майсазорларда тўкилган баргларни йиғиб олишни тақиқловчи қарор қабул қилган.
Бу каби чора-тадбирларни меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солишдан кўзланган асосий мақсад — табиатнинг ўз-ўзини қайта тиклаш имкониятини таъминлашдир. Чунки табиатдаги ҳар бир унсур ўзаро боғлиқ ҳолда умумий мувозанатни ташкил этади. Масалан, дарахтлар куз фаслида барг тўкиши орқали тупроқни табиий ўғит билан бойитади. Бу эса кейинги мавсумда ўсадиган ўсимликлар ривожига, шунингдек, дарахтнинг келажакда барқарор ривожланишига хизмат қилади. Айрим мамлакатларда тўкилган баргларни йиғиб олиш амалиёти қўлланмаслигининг асосий сабаби ҳам шу экологик мувозанат билан боғлиқ.
Хазонларни қайта ишлаш орқали улардан турли маҳсулотлар олиш жараёни дунёда тобора кенгайиб бормоқда. Масалан, Буюк Британияда барглардан махсус технология асосида брикет ўтин тайёрлаш йўлга қўйилган ва бу маҳсулотга талаб кун сайин ошиб бормоқда. Инглизларнинг ажойиб кашфиёти бошқа мамлакат тадбиркорларини ҳам қизиқтириб, уларни мазкур соҳада ишлашга ундамоқда. Ёки бошқа бир компания эса тўкилган хазонлардан бир марталик экологик тоза идишлар — товоқ ва стаканлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бундай маҳсулотлар нафақат фойдаланиш учун қулай, балки атроф-муҳитга зарарсизлиги билан ҳам аҳамиятга эга.
Шундай экан, юртимиз тадбиркор ва ишбилармонлари мазкур тажрибани ўзимизда ҳам қўллаб кўрса, ҳар томонлама фойдали бўлар эди. Зеро, хазонларни йиғиб, уюм-уюм чиқиндига айлантирмасдан, уни қайта ишлаб, “иккинчи ҳаёт” бериш табиат софлиги, иқтисодиёт ривожи учун бирдек манфаатлидир.
Достон ХЎЖАНОВ,
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси масъул ходими.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг