Харгўш қандай қилиб Хайрхушга айланиб қолди?

18:34 16 Февраль 2023 Жамият
961 0

Фото: Халқ сўзи

Бухоро шаҳридан чиқиб, Вобкент тумани ҳудудига кирган маҳал йўл ёқасида “XAYRXUSH q.» ёзувига кўзингиз тушади.Ичкарига чамаси 3 – 4 километр юрилгач, қадимий Харгўш қишлоғига борилади. Айтмоқчи, Харгўш нега Хайрхушга айланиб қолди?

Бизнинг шу саволимизга жавобан «Хайрхуш» маҳалла фуқаролар йиғинидагилар қўлимизга Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашининг 2020 йил 23 сентябрдаги 90/16-VI- сонли қарорини тутқазишди. Туманнинг ўша пайтдаги ҳокими, Халқ депутатлари туман Кенгаши собиқ раиси Б. Бафоев имзоси турган ушбу ҳужжатда «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғини номи «Хайрхуш» деб ўзгартирилсин дейилган ва асос сифатида Географик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи Бухоро вилоят комиссиясининг 2020 йил 20 августдаги 19/2985- сонли «ўзбекистон Республикаси Давергеодезкадастр қўмитасининг 2020 йил 18 августдаги Географик объектларга ном бериш ёки уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ҳақида эксперт хулосасини юбориш тўғрисида»ги хулосаси тилга олинган.

Қизиқ, Харгўш ва Хайрхуш атамалари қанақа маънони беради?

Биз шу масалага ойдинлик киритиш масаласида Бухоро тарихининг билимдонларидан бири, ЎзФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори, шарқшунос-манбашунос Комилжон Раҳимовга мурожаат қилдик.

— Топонимика, жой номлари жуда нозик, чуқур ўрганишни, хулосага шошилмасликни талаб қиладиган масала, — дейди К. Раҳимов. — Сиз юқорида қадимий Харгўш қишлоғини тилга олдингиз. Чиндан ҳам Харгўш юртимизнинг кўҳна манзилларидан саналади. Бу ерда тасаввуф билимдонларидан бири Абу Саъд Харгўший яшаб ўтган. Ас-Самъонийнинг «Ал - Ансоб» («Насабнома») асарида ҳам бу зот ҳақида маълумот берилган.Жумладан, шу китобда бу аждодимиз милодий 1017 йилда вафот этгани таъкидланиб, «Харжуш (форсчада «Харгўш» деб ҳам айтилади)-Бухоро қишлоқларидан», деган сўзларни ўқиймиз. Бинобарин, «Харгўш» бу тарихий жой номи. Биласиз, ўтмишда улуғ авлиё, алломалар, албатта, бирор бир касб-кор билан шуғулланишган. Фикримизча, Абу Саъд Харгўший қуён боқиб, умргузаронлик қилган. Бу ибора шу маънони беради. Очиғи, қадимий қишлоқ номи «Хайрхуш» деб ўзгартирилгани бизни жуда ажаблантирди.

Айтмоқчи, Географик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи вилоят комиссиясининг бир аъзоси билан мулоқотга киришиб, тарихий жой номи нега «Хайрхуш» деб ўзгартирилганини билмоқчи бўлдик. Аммо ундан асосли жавоб ололмадик.

Биз суҳбатлашган айрим зиёлилар эса «Харжўш» ёки «Харгўш» аслида «Қайнар булоқ» маъносини беришини айтишди. Бунга Абу Саъд Харгўший дафн этилган зиёратгоҳ ҳудудида қудуқ (булоқ) борлигини мисол келтиришди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бизнингча, қишлоқларимиз тарихи, уларда яшаб ўтган улуғ алломалар ҳақида биринчи навбатда шу манзилда яшовчи замондошларимиз озми – кўпми билмоқлари даркор. Афсуски, кўпчилик улуғ ҳадисшунос олим Абу Саъд Харгўший номини эшитмаган ҳам. Бу йўналишда диншунос олиму ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари томонидан жуда кўп иш қилиниши кераклиги шундоқ кўриниб турибди.

Айтмоқчи, «Хайрхуш» қандай маънони англатади? Балки таркибида олиму зиёлилар бўлган тегишли комиссия бунга аниқлик киритар?

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер