Халқаро нотариуслар иттифоқининг янги сайланган президенти Ўзбекистонга келди

14:13 14 Июнь 2023 Жамият
630 0

Фото: Ўзбекистон Нотариал палатаси Ахборот хизмати

Бугун Халқаро нотариуслар иттифоқининг (ICN) янги сайланган президенти жаноб Лионель Галлес ва Франция нотариаллари Олий кенгаши делегациясининг Ўзбекистонга 5 кунлик ташрифи бошланди.

Дастлаб, меҳмонлар Ўзбекистон Нотариал палатасида палата раиси Дилшод Ашуров билан учрашди. Мулоқотда Д. Ашуров Ўзбекистон нотариат соҳасида ислоҳотлар ҳақида маълумот бериб, соҳани рақамлаштиришга қаратилаётган эътибор, электрон тизимдан самарали фойдаланилаётганлиги, бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам нотариусларнинг фаолияти суғурта қилингани ҳақида айтиб ўтди.

Ташриф доирасида ICN президенти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири билан ҳам учрашади. Мулоқотда нотариат соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жорий йилнинг 10-11 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ташкил этиладиган ICN нуфузли комиссияларидан бири – Нотариал ҳамкорлик бўйича халқаро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Нотариат палатаси, шунингдек, соҳа яқиндан ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган 20 дан ортиқ ташкилотлар – Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси каби ташкилотлар билан меморандумлар имзоланди. Ҳамкорлик доирасида мазкур ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатилиб, қўлланмалар яратилди. Бу юқоридаги ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ барча муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради.

Фото: Ўзбекистон Нотариал палатаси Ахборот хизмати 

Нотариат палата хорижий ҳамкорлар билан ҳам мустаҳкам алоқалар ўрнатган. Украина, Литва, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Франция, Германия, Россия каби давлатларнинг нотариал тизимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш натижасида бугунги кунга қадар 40 дан ортиқ нотариуслар чет элда малака оширишга муваффақ бўлди. Хусусан, бугунги кунга қадар 3 нафар нотариус ICN халқаро университетида, 2 нафар нотариус Германияда, 2 нафар нотариус Беларусда малака оширди. Яқинда 30 нафар нотариус Бутунроссия Адлия университетида малака ошириш курсларини тамомлади.

Шунингдек, нотариуслар ҳуқуқий тарғибот ишларида фаол иштирок этмоқда. Улар глобал ижтимоий тармоқларда жонли эфир ва “Телеграм” мессенжерида нотариал маслаҳат суҳбатини ташкил этиб, фуқароларга 24/7 режимда онлайн ҳуқуқий ёрдам бериб келмоқда. Бу аҳолига қулайлик яратиш баробарида нотариусларга мурожаатлар сонини камайтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, нотариуслар электрон нотариал тизим орқали онлайн тарзда нотариал ҳаракатларни амалга оширмоқдалар.

Меҳмонлар Ўзбекистон нотариал идораларида қисқа вақт ичида амалга оширилган ишларни юқори баҳоладилар.

Учрашувда Ўзбекистон Нотариал палатасида палата раиси Дилшод Ашуров фаол халқаро ҳамкорлик самаралари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

— Биз хориж тажрибасини ўрганмоқдамиз, — дейди Д. Ашуров. — Тизимни такомиллаштириш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга хизмат қиладиган энг илғорларини амалиётимизга татбиқ этмоқдамиз.

Учрашув доирасида Ўзбекистон ҳудудида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар билан “Нотариал идораларда электрон архивни юритиш тартиби” мавзусидаги видеоконференция ҳам ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер