Халқаро миқёсда йирик маблағларни фирибгарлик орқали ўзлаштирган жиноий гуруҳ фош этилди (+видео)
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Олиб борилган текширувлар натижасида халқаро миқёсда жуда катта миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган уюшган жиноий гуруҳ фош қилинган. Маълум бўлишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган, жами 34 кишидан иборат жиноий гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, «Колл-марказ»лар ниқоби остида фаолият юритган.
Улар ахборот технологиялари ёрдамида Россия Федерациясида дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан ортиқ мижозлари тўғрисидаги маълумотларни қўлга киритган.

Шундан сўнг, бўлғуси ўлжалари билан қай тарзда муомала қилиш бўйича ўргатилган операторлар SIP телефония ва Zoiper иловалари орқали асосан кекса ёшдагиларга қўнғироқ қилиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва банк ходимлари сифатида таништириб, гўёки компания томонидан сифатсиз дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотилганлигини таъкидлаган ҳолда, мижозларга 500 мингдан 580 минг рублгача миқдорда компенсация тўлаб берилишини айтишган.
Бунинг эвазига эса фуқаролар 5 мингдан 20 минг рублгача миқдорда солиқ тўлашлари кераклигига ишонтирилган. Натижада жабрланувчилар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган турли банк пластик карталарига жами 9 миллион 599 минг 561 рубль миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб беришган.

Шунингдек, жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси криптовалюталар савдосини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олмасдан, «Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори талабларига зид равишда жами 470 минг АҚШ долларига яқин крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан уюшган жиноий гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 168, 243, 278-7 ва 278-8-моддалари билан айбли деб топилиб, уларнинг 21 нафарига 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ой муддатгача озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланган. Қолган 13 нафарига нисбатан 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланиб, жарималар қўлланилган. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг