Халқаро гуллар фестивали нафосат шайдоларини чорлайди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Ҳар манзилнинг ташриф қоғози бор. Наманган ўзининг гулсевар инсонлари, улар кўнгил тафтидан яшнаган чаманзорлари билан довруқли. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида кичиккина кўргазма сифатида намойиш этилган гул сайли йиллар ўтиб, авлодлар кўз ўнгида сайқал топди, шаҳар аҳлининг миллий қадриятларидан бирига айланди.
Шу ўринда соҳа ривожи, унинг меҳнатчилари эришаётган натижалар анъанавий гуллар байрамида бутун халқ кўз ўнгида намоён бўлаётганини таъкидлаш лозим. 2018 йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан халқаро фестиваль мақомини олган анжуман ҳар йил баҳорида дунёнинг турли бурчакларидаги ишқибозларни нафосат сайлига чорлаб келмоқда. Байрамнинг ўтган йилги томошалари, айниқса, қамрови билан янада файзи кечгани кўпчиликнинг ёдида. Қирқ кун давом этган сайлга 6 миллиондан кўпроқ инсон келди. Уларнинг 200 мингдан ортиғи 60 га яқин давлатда ташриф буюрган сайёҳлар экан.
Айни пайтда нафосат шаҳрида навбатдаги 64-Халқаро фестивалга тайёргарлик ишлари қизғин бошлаб юборилди. Бу гал беш ҳафта давом этадиган анжуман 25 май куни вилоят маркази кўчалари бўйлаб ҳаракатланадиган гулларга безанган автомашиналар паради билан бошланади.
— Наманган ўша кунлари мамлакатимиз вилоятлари, шунингдек, чет давлатлардан ташриф буюрадиган миллионлаб гўзаллик шайдоларини кўзни яшнатадиган манзаралар билан кутиб олади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. — Айни мақсадда махсус плантацияларда 100 миллион тупга яқин мавсумий гул кўчатлари парваришланмоқда. Улар асосий тадбирлар ўтадиган Бобур боғи ҳамда «Афсоналар водийси» тематик парки, шаҳарнинг хиёбон ва кўчаларига ўтқазилади.
Ташкилотчилар фестивалнинг ҳар бир куни ўзига хос маданий ва кўнгилочар тадбирлар билан алоҳида мазмун касб этишига хизмат қиладиган ранг-баранг дастурлар режасини ишлаб чиқишган. Хусусан, жаҳон ва миллий эстрада юлдузлари иштирокида концертлар, «Fashion Week 2025» – йирик модалар ҳафталиги, «Талант шоу», «Овоз» ва «X-Factor» танловлари, катталар ва болалар учун спектакль ва цирк томошалари, халқаро ҳунармандчилик кўргазмаси, кулги кечалари, «Дунё таомлари Наманганда» – гастрономик туризм намойиши ҳамда «Лаванда сайли» ва дрон-шоулар анжуман меҳмонларига энг завқли таассуротларини ҳадя этиши табиий.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг