Халқаро анжуман маданий тадбирларга бой тарзда ўтмоқда

11:55 03 Ноябрь 2025 Жамият
116 0

Халқаро анжуманнинг навбатдаги кунларида ялпи мажлислар билан бир қаторда Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ЮНЕСКО, Франция маданият вазирлиги ва Гюме музейи ҳамкорлигида “Музейларда сунъий интеллектнинг роли” мавзусидаги конференция ўтказилди. Унда 80 дан ортиқ етакчи музейлар директорлари, сунъий интеллект соҳасидаги йирик компаниялар вакиллари, шунингдек, ЮНЕСКО Бош конференциясида қатнашаётган ҳукумат делегациялари иштирок этди.

Тадбир музейлар, халқаро ташкилотлар ва технологик компаниялар вакилларини бирлаштириб, сунъий интеллектнинг маданий меросни сақлашдаги ўрни ҳамда музей билан боғлиқ амалиётларни ривожлантиришга таъсири юзасидан фикр алмашиш имконини берди.

Иштирокчилар музейлар амалиётида сунъий интеллектнинг трансформацион ролини муҳокама қилишди. Хусусан, ахлоқий бошқарув, барқарорлик, хилма-хиллик, инклюзивлик ва инновациялар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси доирасида дебатлар ҳам бўлиб ўтди. Умумий баҳсларда делегациялар раҳбарлари Бош конференцияга ўз миллий баёнотларни тақдим этди.

Нуфузли халқаро анжуман маданий тадбирларга ҳам бой тарзда ўтяпти. Тарихий Регистон майдони яна бир бор жаҳон миқёсидаги саҳнага айланди. 1 ноябрь оқшомида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанднинг бош майдони — Регистонда машҳур француз бастакори ва ЮНЕСКОнинг эзгу ният элчиси Жан-Мишел Жарнинг катта концерти бўлиб ўтди.

Нур, мусиқа ва Регистон меъморчилиги уйғунлашган бу улкан аудиовизуал томоша ЮНЕСКО ва Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида ташкил этилди. Уч мадраса деворлари замонавий санъат ва қадимий мерос туташган жонли тасвирга айланди. Бу уйғунлик асрлар ва маданиятлар ўртасидаги бетакрор ҳамжиҳатликни акс эттирди.

Самарқанддаги “Expo Center Silk Road” мажмуасида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган “Чоклардаги мерос: Ўзбекистон каштачилик ва тикувчилик анъаналари бўйлаб саёҳат” номли кўргазма ҳам бўлиб ўтмоқда.

Экспозициядан XIX-XX асрларга оид 151 дан ортиқ музей экспонатлари, Нукус, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент музейларининг сара тўпламларига мансуб миллий либослар, бош кийимлар, заргарлик буюмлари ҳамда тўқимачилик намуналари ўрин олган.

Кўргазма 13 ноябргача ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади.

Бугун ЮНЕСКО мандатини амалга ошириш истиқболларига бағишланган тематик панел сессиялар бўлиб ўтади. Унда замонавий дунёда ЮНЕСКОнинг ваколати қандай аҳамиятга эга эканлиги ҳақидаги масалалар муҳокама этилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?