Халқ демократик партияси президентликка номзод ва унинг дастурини тасдиқлади

Бугун, 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIII қурултойи бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қурултой кун тартибида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда номзоднинг дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди. Партия Марказий Кенгашининг жорий йил 12 май куни бўлиб ўтган пленумида Халқ демократик партиясидан партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов номзодини илгари суриш ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Шундан сўнг Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ваколатли вакили Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этишга ижозат сўраб Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топширди. Ҳужжатларни ўрганиб чиққан Марказий сайлов комиссияси ЎзХДПнинг 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган президент сайловида иштирок этиши учун ижозат берди. Қурултойда номзод масаласи бўйича муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон президенти сайловида Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятовни номзод сифатида кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзоднинг Дастури тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди. Номзод дастурида кўзланган асосий мақсад мамлакатда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этишдир, дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси сифатида кучли ижтимоий сиёсат соҳасида пенсия тизимини такомиллаштириш, “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги, “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги, “Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш, тиббий хизматларни рақамлаштириш, мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш, “мактаб солиғи”ни жорий этиш, ижара компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси сифатида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш мақсадида иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш, Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тижорий фаолият, реклама билан шуғулланаётганлар даромадларини солиққа тортиш, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар шуғулланиши мумкин бўлган соҳаларни ҳамда ўзини ўзи банд қилган деб ҳисобланадиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш каби ташаббуслар ўрин олган.
Қонун устуворлигини, тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш гарови сифатида суд-ҳуқуқ ислоҳотларига ҳам номзод дастурида алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишда вилоят, туман (шаҳар) судлари раисларининг ҳар йили ротация қилиш, одил судловни амалга оширишда ҳакамлар ҳайъати институтини жорий қилиш, соҳавий назорат органлари (инспекциялар) фаолиятини кучайтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширилишида жамоатчилик назорати ва меҳнат инспекциясининг ролини ошириш, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини хатловдан ўтказиб, светофорлар билан жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилиш каби таклиф-ташаббуслар ўрин олган.
Номзоднинг дастурида ижтимоий тенгликка ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарув тизимини ислоҳ этиш бўйича ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш, айрим давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш, давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтириш ҳамда сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Билдирилишича, дастурда очиқлик ва миллий манфаатлар устуворлигига асосланган конструктив ташқи сиёсат масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Қурултойда Ўзбекистон президентлигига Халқ демократик партиясидан кўрсатиладиган номзоднинг дастури ҳам тасдиқланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг