Халқ дардида яшаган улкан қалб шоир...
Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
Пойтахтимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига бағишланган хотира куни бўлиб ўтмоқда.
Тадбир аввалида Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, адибнинг оила аъзолари, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, шунингдек, шеърият мухлислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари «Чиғатой» қабристонида бўлиб, шоир қабрини зиёрат қилди.
Шундан сўнг қатнашчилар Тошкентнинг Ҳувайдо маҳалласида бўлиб, Эркин Воҳидов 1966-2016 йилларда яшаб, ижод қилган хонадонни кўздан кечирди. Меҳмонлар, айниқса, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг битирувчи ўқувчилари у ерда шоирнинг ёрқин ижоди ва ибратли ҳаёти ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлди, ижодкор фойдаланган буюмларни завқ билан томоша қилди. Бир сўз билан айтганда, адиб нафаси ва руҳини ҳис этди.
Кейинги манзил Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети бўлди. Тадбир иштирокчилари мазкур олий ўқув юртида ташкил этилган Эркин Воҳидов музейига саёҳат қилишди.
Куннинг иккинчи ярмида “Aдиблар хиёбони»га уюштирилган саёҳат ҳам адабиётсевар юракларни руҳлантирди, десак муболаға эмас. Қатнашчилар томонидан айланиш давомида Aлишер Навоий ва Эркин Воҳидов ҳайкаллари пойига гул қўйилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Буюк юртга энди даҳолар керак» шиори остида адабий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда ёзувчи-шоирлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, шунингдек, ижодкорнинг яқинлари сўзга чиқиб устоз шоир Эркин Воҳидовнинг ҳаёти ва ижоди, бой адабий мероси ҳақида сўз юритишди.
— «Классик» дегани сатрларида бирор ғализ гап йўқ деганидир, — деди Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос Иброҳим Ғафуров. — Классик ижодкорларнинг вақт, давру замон қанча бешафқат ҳукмини ўтказмасин ёзганларидан ҳамиша сўз ифори, атри келиб туради. Эркин Воҳидов классик шоирлиги, ижоди ана шундай мумтоз оҳангларга бойлиги билан кўнгилларимиздан жой олган. Бир нарсани таъкидламоғим шарт, шахсан мен унинг ишончли ворислари етишиб чиқаётганидан, ҳозир улар айнан бизнинг орамизда ўтирганидан хурсандман.
Кун ниҳоясида «Сеҳрли шаҳарча» боғининг ёзги амфитеатрида Эркин Воҳидов шеърлари асосида яратилган қўшиқлардан иборат «Назм ва наво» кечаси ташкил этилди. Унда нафақат ижодкорлар, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам баҳраманд бўлишди.
Бир сўз билан айтганда “Aдабиёт — халқнинг юраги» шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбирлар доирасида ташкил этилган ушбу адабий пресс тур ва анжуман, хотира кечаси катта адабиёт байрамига айланиб кетди, десак адашмаган бўламиз.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги айрим рекламаларга ишониб қолманг — Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг