Кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган қонунлар Қўмита мажлисида кўриб чиқилди

14:21 26 Сентябр 2023 Сиёсат
534 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда жорий йилда муҳим сиёсий тадбир – умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Унда халқимиз хоҳиш-иродаси билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди.

Янгиланган Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, ҳеч шубҳасиз, узоқ йиллардан бери халқимизни ташвишга солиб келаётган кўплаб масалаларга ечим берувчи қоидалар сифатида тарихга муҳрланди.

Қўмита мажлисида муҳокама қилинган Қонун ҳам янгиланган Конституцияга киритилган қоидалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Қонун билан, биринчидан, Конституциявий суд ваколатлари кенгайтирилди, Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ва бу борада иш юритиш тартиби белгиланган.

Иккинчидан, Конституциявий суд фақатгина ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилмоқда.

Учинчидан, Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланиши мустаҳкамланмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши натижасида Конституция олий юридик кучга эгалигидан келиб чиқиб, Конституция ва қонунларнинг сўзсиз устуворлигига ҳамда уларнинг бир хилда амалда бўлишига эришилади.

Шунингдек, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сўнгги пайтларда республикада диний соҳа вакиллари томонидан қонуний никоҳ бўлмаса ҳам никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга ошириб келаётганлиги ачинарли ҳолат эканлиги таъкидланди. Бу, ўз-ўзидан, ижтимоий муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий анъаналарини инобатга олган ҳолда мутасадди идоралар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилди. Қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда.

Шунингдек Қонунда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик, кўп хотинли бўлишни тарғиб қилганлик, шахсга нисбатан унинг жинсий мансублигига қараб ҳар қандай шаклдаги тазйиқ ва зўравонликни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини инкор этганлик ҳамда фуқароларни миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб камситганлик ҳамда диний ташкилот томонидан ўзининг уставида назарда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Ушбу Қонун қабул қилиниши натижасида жамиятда миллатлараро тотувликни, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга, дунёвий қадриятларни сақлаб қолишга ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга эришилиши сенаторлар ва йиғилиши иштирокчилари томонидан қайд этилди.

Муҳокамалар натижасида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, масъул ташкилот ва идораларга тегишли вазифа ва тавсиялар берилди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?