Келгуси уч йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади

11:56 18 Март 2022 Сиёсат
994 0

Давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда тез тиббиёт ёрдам хизматини янада ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Энг аввало, «103» тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади.

Энди, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида, ҳар бир вилоятда тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлашган бошқарув тизими жорий қилинади.

Янги ташкил этиладиган диспетчерлик марказлари чақирувларни беморнинг аҳволи, касаллик тури ва даражасига қараб саралайди ҳамда шунга асосан тегишли тиббий бригадаларни йўналтиради.

Бундан буён, тез ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади.

Шунингдек, туман марказидан 60-80 километр узоқликда жойлашган 24 та аҳоли пунктида алоҳида тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади.

Улар барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланади.

2022–2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча «Дамас» ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади.

Хусусан, 2022 йилда 890 та, 2023 йилдан бошлаб эса, ҳар йили 450 тадан янги автомобиль, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади.

Натижада келгуси уч йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади. Бу мақсадлар учун, 65 миллион доллар жалб қилинади.

Ушбу чоралар эвазига тез тиббий ёрдамда чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробарга қисқаради (30 дақиқадан 10 дақиқага тушади)", деди давлатимиз раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?