Камбоджада маданий меросларимиз кенг тарғиб қилинди

12:52 10 Февраль 2025 Маданият
437 0

Жорий йилнинг 7 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси аъзолари Камбоджа давлатининг пойтахти Пномпен шаҳридаги Парагон халқаро университетида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик жараёнлари доирасида «Ўзбекистоннинг маданий мероси ва ислоҳотлари» мавзусида тарғибот тадбирларини ўтказди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б. Ўтемуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Б. Темирбаев, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А. Реймовлар иштирок этди.

Дастлаб аждодларимиздан қолган бой меросимиз, миллий урф-одатларимизни акс эттирувчи ҳунармандлар қўлларидан тайёрланган кўргазмалар намойиш этилди.

Шундан сўнг, маданий тадбирга навбат берилиб, унда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А. Реймов сўзга чиқиб, Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессияси ўтказилиши ва бу анжуман бутун халқаро маданий ва илмий ҳамжамият учун аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, ЮНЕСКО сессияси билим, маданий анъаналар алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта имконият эканини, ушбу учрашув жаҳон маданий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси томонидан миллий қўшиқлар, рақслар ижро этилиб, йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, у ерда миллий таомларимиздан тайёрланган кўргазма ташкил этилди. Парагон халқаро университети вакиллари ва талабалари миллий таомларимиз билан танишиб, уларнинг ажойиб таъмини татиб кўриш имкониятига эга бўлди. Ушбу кўргазма меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, халқимизнинг миллий қадриятлари ва меҳмондўстлигини намоён этди.

Ушбу тадбир икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, халқимизнинг бой тарихи ва анъаналарини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, ушбу тадбирлар мамлакатимиз тараққиётининг уч минг йилдан зиёд тарихи, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш орқали ҳамкорликни янада ривожлантиришда ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?