Камбағал оилаларга янги турдаги молиявий ёрдамлар ажратилади

13:14 18 Февраль 2025 Ҳужжатлар
239 0

Президентнинг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун янги турдаги молиявий ёрдамлар жорий этилади. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» канали маълумот берди.

Унга кўра, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга улар томонидан тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги аниқ лойиҳалар амалга оширилиши учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваригача миқдордаги субсидиялар ажратилади.

Жумладан, ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган ишсиз фуқароларни ёки камбағал оилалар аъзоларини касаначи сифатида ишга олган тадбиркорларга уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун ҳар бир жалб қилинган касаначи учун БҲМнинг 10 бараваригача миқдордаги 3 йилгача муддатга фоизсиз ссудалар берилиши режалаштирилган.

Шунингдек, камбағал оила аъзоларига ўз фаолиятини бошлаши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилишга БҲМнинг 50 бараваригача миқдордаги 6 ойдан 3 йилгача муддатга фоизсиз ссудалар берилади.

Бундан ташқари, камбағал оилаларга деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил қилиш учун деҳқон хўжаликларига сув қудуқларини бурғилаш, насос агрегатларини сотиб олиш, томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш ва электр тармоқларини тортиш учун 6 ойлик имтиёзли давр билан БҲМнинг 200 бараваригача миқдордаги 5 йилгача муддатга фоизсиз ссудалар ажратилиши белгиланган.

«Маҳаллаларнинг ихтисослашуви ва драйвер йўналишларидан келиб чиқиб, ўз тажрибасини 10 тагача камбағал оилаларга ўргатган ва уларга доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашган тадбиркорларга ҳар бир камбағал оила учун БҲМнинг 3 баравари, бироқ БҲМнинг 30 бараваригача миқдордаги грантлар ажратилади», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?