Калифорния бодомлари Бағдодда

11:49 16 Октябр 2024 Иқтисодиёт
158 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бағдод туманининг «Юксалиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Гулнора Матқулобод бодомлари» ишлаб чиқариш кооперациясида ҳар ойда ўртача 100 тонна бодом қайта ишланади. Унинг салмоқли қисми экспортга жўнатилади.

Корхонада замонавий ишлаб чиқариш биноси бунёд этилиб, хориждан қўл меҳнатини 70 фоизгача қисқартирадиган замонавий технологиялар олиб келинди. Дастлаб ўз хонадонида бодомни тозалаш, қадоқлашни йўлга қўйган тадбиркор маҳалладошлари учун 10-15 та доимий иш ўрни яратганди. Ҳозирда тумандаги 10 га яқин МФЙ, қўшни туманлар ҳисобига яратилган иш ўринлари сони 500 тага етган.

Айни пайтда кооперация қошида ташкил этилган 0,12 гектар тажриба майдонида 30 минг тупдан ортиқ экспортбоп ва серҳосил навдаги бодом кўчатлари парваришланиб, мевасини ўзлари сотиб олиш шарти билан аҳолига бепул тарқатилмоқда.

—Яқин истиқболда бодомни саноат усулида сифатли қайта ишлаш фаолиятини «Бағдод тажрибаси» сифатида оммалаштириш ҳамда бу борада ўз брендимизни яратишни мақсад қилганмиз,—дейди кооперация раҳбари Гулнора Усмонова.—Айни жараёнда жаҳон бозорида харидоргир бодом навлари ўрганилиб, ушбу навларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш ва ҳосил салмоғини ошириш режалаштирилган.

Шу мақсадда корхонада АҚШнинг Калифорния штатида ўсувчи бодом ҳосили тажриба тариқасида олиб келиниб, қайта ишлаш орқали экспорт қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер