Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилмоқда
Фото: Юнус Бўриев, Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
2025 йил 24 январда бўлиб ўтган Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун 2024 йил 16 августда ўтган чақириқ Сенатнинг 55-ялпи мажлисида ҳам кўрилган эди. Аввалги муҳокамалар жараёнида сенаторлар мамлакатимизда сўнгги йилларда йўл ҳаракати иштирокчиларининг тегишли қоидаларга риоя этиш маданиятини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, республика ҳудудида йўл-транспорт ҳодисалари содир этилаётгани ва бунинг натижасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий зиён етаётганлиги ҳақида ўз фикрларини билдирган эди.
Қонунда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг салбий оқибатларининг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.
Жумладан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик ва сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шундай бўлса-да, Қонундаги айрим нормалар бугунги кундаги реал воқелик ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаганлиги сабабли Сенатнинг 55-ялпи мажлисида Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Шундан сўнг Сенат томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлар келишув комиссияси томонидан батафсил кўриб чиқилди ҳамда барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, Қонун такомилига етказилди.
Хусусан, қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби жавобгарлик белгиланмоқда. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг энг кам миқдори олти ойдан кам бўлмаслиги назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги 1952-моддаси ҳам тўлиқ қайта ишланди. Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тўлиқ сақланиб қолмоқда. Олдинги таҳрирдан фарқли равишда бор нарсани ижтимоий тармоққа қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмаяпти.
Қонунда фақат ходимларнинг тасвирини уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб тарқатмаслик, яъни ходимнинг ҳаракатлари, сўзлари ва юз берган ҳолатни бузмаслик, шу мақсадда монтаж қилмаслик талаб этилмоқда.
Мазкур модда санкциясида белгиланган жарима миқдорлари ҳам қайтадан кўриб чиқилди. Жумладан, қатъий белгиланган БҲМнинг 50 баробари миқдоридаги жарима 20 баравардан 50 бараваргача этиб, қатъий белгиланган 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш 10 суткагача қисқартирилмоқда, яъни ҳолатдан келиб чиқиб, судья ундан ҳам камроқ муддат белгилаши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, ушбу моддада “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото – ва (ёки) видеотасвирни уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, йўл ҳаракати иштирокчиларини йўлларда ҳаракатланиш маданиятини оширишга, йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракат давомида белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлашга, пировардида йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Фото: Юнус Бўриев, Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг