Йил якунига қадар 32 та лойиҳа ишга туширилади

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва инвестиция дастурлари доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларини жадаллик билан ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни жалб этган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватларини кескин ошириш, аҳолини узлуксиз табиий электр энергияси билан таъминлаш борасида жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу борада “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан янги-янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани эътиборга молик. Жамият томонидан жорий йил биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, натижалар яққол кўзга ташланади.

Жумладан, жамият таркибидаги энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан 3,6 млрд. киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа кўрсаткич бажарилиши таъминланди.

Маълумотларга кўра, мамлакатда техник гидроэнергетика салоҳияти йилига 27,4 млрд. кВт-соатни ташкил этади. Ҳозирги мавжуд салоҳиятнинг тахминан 25 фоизидан фойдаланилмоқда.

Гидроэлектр станциялар (ГЭС) барқарор кунлик электр энергиясини таъминлашнинг самарали воситаси, нархи бошқа манбаларга қараганда анча арзон ва экологик тозалиги билан ҳам аҳамиятлидир. Шу боис, Президентимиз томонидан 2024 — 2028 йилларда гидроэлектр станциялар қувватларини 6 минг мегаваттга (2,7 баробар), ўртача йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 17-19 млрд. кВт-соатга етказиш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ҳамда бунинг учун соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш зарурлиги алоҳида қайд этилганди.

Шу нуқтаи-назардан, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ гидроэнергетика ривожлантириш стратегиясига мувофиқ, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига қўшимча қувватларни яратиб, 2028 йилга бориб умумий электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини 6 минг мегаваттга етказиш ва бу орқали ўртача йиллик ишлаб чиқариш қувватини қарийб 19 млрд. кВт-соат ёки 3 баравар ошириш учун зарурий чораларни кўрмоқда.

— Жорий 2025 йил гидроэнергетика учун юксалиш даври бўлмоқда, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари Фаррух Нуриллаев. — Жорий йил давомида жамиятимиз томонидан 405 млн. долларлик, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 912,0 млн. кВт-соатга тенг 32 та лойиҳа ишга туширилади. Бу каби кўрсаткич мамлакат саноатининг ҳеч қайси бир йўналишида илгари кузатилмаган.

Хусусан, I ярим йилликда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида қуввати 16 МВт, йиллик ўртача ишлаб чиқариш қуввати 69,6 млн. кВт-соатга тенг “Зарчоб-3” кичик ГЭС, Самарқанд вилоятида 2 та лойиҳа, шундан — жами қуввати 1,5 МВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 7,3 млн. кВт-соат “Айланма Дарғом” каналида микроГЭС-2, ГЭС-3, кичик ГЭС фойдаланишга топширилди. Жиззах вилоятида жами қуввати 0,55 МВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5,7 млн. кВт-соат бўлган Жиззах сув омбори қошида микроГЭС ишга туширилди.

Яна бир муҳим жиҳат. Жамият бу билан чекланиб қолмасдан, ҳудудларда кам сув ва паст босимда самарали электр энергия ишлаб чиқариш қобилиятига эга микроГЭСларни, жумладан, Сурхондарё вилоятида умумий қуввати 150 киловаттга тенг 8 та, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хўжайли туманларида жами қуввати 145 киловатт тенг 5 та кинетик турдаги турбинали мобил микроГЭСларни ишга туширди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2025-2026 йилларда “Чорбоғ” сув омбори юқори қисмида Хитой Халқ Республикасининг беғараз кўмак грант маблағи эвазига умумий қуввати 20 МВт, йиллик ишлаб чиқариши 50 млн. кВт-соат тенг 4 та шамол станцияси қад ростлайди ҳамда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш кўрсаткичи янада ошади. Натижада АЖ таркибидаги умумий ГЭСлар сони 100 дан ошиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, муҳандислик ишлари, транспорт-коммуникация ва геостратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга, ноёб гидроагрегатлар ишлаб чиқариш заводи — “UzHydroPower” ҚКнинг ишга туширилиши нафақат юртимизда, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ҳаётида ҳам муҳим воқеадир.

Мазкур корхонада республикадаги биринчи миллий ГЭС бўлиши кутилаётган “Норин ГЭСлар каскади”га ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳаллий гидроагрегатлар етказиб берилиши йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда, гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган тизимли ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида зарур пайтда хорижий инвесторларга “тайёр лойиҳалар”ни амалга ошириш учун тақдим этиш мақсадида жамиятда “лойиҳалар фабрикаси” фаолияти йўлга қўйилди.

Бу ерда ҳозирга қадар умумий қуввати 3,2 гигаваттга тенг 50 га яқин лойиҳалар устида иш олиб борилиб, келгусида гидроэнергетика қувватини амалга ошириш учун замин ҳозирланмоқда. Бугунги кунда “лойиҳалар фабрикаси”да умумий қуввати 408 МВт тенг 9 та лойиҳа амалга ошириш учун тайёр ҳолатда бўлса, умумий қуввати 2 737 МВт тенг бўлган 20 га яқин истиқболли лойиҳалар доирасида манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилиши натижасида яқин келажакда гидроэнергетика соҳасида ишлаб чиқариш салоҳияти йилига қарийб 20 млрд. кВт-соатга етади.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг