«Йил ўқитувчиси» танлови ғолиблари 525 млн сўм мукофот пули олади

18:17 29 Апрель 2025 Жамият
354 0

Жорий йилнинг 28 апрель куни «Йил ўқитувчиси» ҳамда «Касбий маҳорат етакчиси» танловларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.

Қарорга кўра, 2026 йилдан ҳар 2 йилда 1 марта қуйидаги танловлар ўтказилади:

  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси» танлови;
  • педагогик маҳорат марказлари директорлари ўртасида «Касбий маҳорат етакчиси» танлови.

Қарор билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:

  • «Йил ўқитувчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги;
  • «Касбий маҳорат етакчиси» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги.

Қайд этилишича, танловлар якунларига кўра ғолиб деб топилган ҳар бир номзод ҚР-кодли сертификат билан тақдирланади. Мазкур сертификат асосида ғолиблар БҲМнинг 1 400 баравари (525 млн) га тенг пул мукофоти билан тақдирланади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорини «узоқ кутилган янгилик» деб баҳолаб, танловларнинг қай йўсинда ўтказилишини тушунтирди.

Вазир Умарованинг ёзишича, «Йил ўқитувчиси» танловига номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишида иштирок этади. Иштирокчилар вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтади.

Танлов уч босқичда ўтказилади:

  • биринчи босқичда — номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади;
  • иккинчи босқичда — номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади;
  • учинчи босқичда — номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги баҳоланади.

Танлов якунларига кўра, ҳар икки йилда бир марта октабр ойида ғолиб деб топилган ҳар бир номзод реестри ММТВ томонидан юритиладиган ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган QR-кодли сертификат билан тақдирланади.

Мазкур сертификат асосида ғолиблар, юқорида таъкидланганидек, ММТВ раҳбари жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирланади.

Педагогик маҳорат марказлари директорлари ўртасида «Касбий маҳорат етакчиси» танловида эса иштирокчиларнинг 4 та йўналиш бўйича фаолияти натижалари ўрганилади.

Булар:

  • ҳудудда таълим сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар;
  • молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар;
  • замонавий услубда таълим жараёнини ташкил этиш бўйича эришилган натижалар;
  • марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларининг жорий қилинганлиги.

Ушбу танловда ҳам ғолиблар мос равишда БҲМнинг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти билан тақдирланади.

«Танловлар ҳақида батафсил маълумот, янгиликларни вазирлик саҳифалари орқали бериб борамиз. Биз ушбу мегатанловларни адолатли, шаффоф, фахрий педагогларимиз, экспертлар ва жамоатлик вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этамиз», деб ёзади Ҳилола Умарова.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?