Ижтимоий тармоқларда йўқ жойдаги муаммоларни давлат тизимидаги муаммоларга боғлашга уринишлар бўляпти — А.Қодиров
Covid-19 туфайли дунё аҳли янги тартиб-қоидаларга кўника бошлади. Чунки хавф даражаси юқорилигича қоляпти. ОАВда дунё бўйича кунига ўртача 250 минг кишининг вирус юқтираётгани тўғрисида хабарлар тарқатилаётгани ҳам бежиз эмас. Гарчи айрим мамлакатларда коронавирусга қарши вакцина яратилган бўлса-да, у билан 2021 йилнинг охирларида одамларни эмлаш бошланиши айтилмоқда.
Ушбу касаллик сабаб нафақат соғлиқни сақлаш тизими, балки иқтисодий-ижтимоий тармоқлар ҳам босим остида қолди. Энг ёмони, аҳолини иш билан таъминловчи тизим — бизнес фалажлик ҳолатига кирди. Ўзбекистон ҳам гарчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида иш юритаётган бўлса-да, тиббиётнинг эскирган имкониятлари билан шиддаткор даврнинг янги чақириқларига бас келиш оғир кечяпти. Айни пайтда энг замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган давлатлардаги «тиббий инқироз»ни ҳам кўрдик. Ҳатто Европада тиббиёти энг ривожланган давлат — Францийа пойтахтидаги Эйфел минорасига туташ кўчада мавсумий ўликхона барпо этилгани инсониятнинг бундай инқирозли ҳолатлар олдида ожиз эканини кўрсатиб қўйди.
Кейинги ойлардаги таҳлиллар айнан шундай шароитларда халқ табобатини ривожлантириш, тиббий маданият унсурларини кундалик ҳаётимизга чуқурроқ жорий этиш заруратини ва бунга эришиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш вазифасини олдимизга қўйди, десак муболаға бўлмайди.
Халқ табобатини ривожлантириш масаласида Президентимиз томонидан бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилингани ҳам шундан. Тиббий маданиятни ошириш йўналишига қаратилган қарорлар бугунги кунда юртдошларимиз соғлиғини ҳимоя қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Тан олиш керак, бундай шароитда дунё тиббиётида кузатилганидек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ҳам беморларни тўла ҳимоя қила олмай қолди. Лекин тиббиёт ходимлари касалланган одамларда ўзини ўзи уйда даволаш имконияти борлигини таъкидламоқдалар. Булар кўп суюқлик ичиш, фаол ҳаракатда бўлиш, озода ҳаёт кечириш каби оддий талаблардир. Ушбу омиллар уй шароитида вирусни енгишимизга катта ёрдам бермоқда.
Партиямиз тиббий маданиятга қатъий риоя қилиш, табобатнинг биринчи амалларини англаб етиш каби масалаларни мактабданоқ болалар онгига сингдириш ғоясини илгари суриб келмоқда. Мана бир мисол. Япония мактабларида бошланғич синфлардан бошлаб болаларни зилзила рўй берганда ўзларини қандай тутишга ўргатишар экан. Натижада болаларда муайян кўникма ҳосил бўлади. Биз ҳам тиббий маданият, халқ табобатининг афзал томонларини мактаб, керак бўлса боғчадан фарзандларимизга ўргатайлик. Шунда энг оддий талаб — қўлимизни тоза ювиш кераклигини телеканаллардан ўрганишга ҳожат қолмайди.
Албатта, бугунги мураккаб шароит фуқароларнинг мушоҳада қобилиятини ҳам шакллантирмоқда. Жамоавий қарорлар қабул қилиш, жамоавий муҳокамалар ўтказиш орқали тўғри йўл танлашни ўрганмоқдамиз.
Очиғини айтиш керак, мустақилликдан кейин биз биринчи марта жамоавий ҳаракат қилиш, жамоавий муҳокамалар ўтказиш ва қарорлар қабул қилиш бўйича имтиҳондан ўта бошладик. Бунинг ижобий жиҳатлари билан бирга салбий кўринишларига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Хусусан, давлат томонидан аҳолини ҳимоя қилиш учун мавжуд имкониятлар жалб этилаётган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда йўқ жойдаги муаммоларни давлат тизимидаги муаммоларга боғлашга уринишлар бўляпти. Ваҳоланки, айнан бугунги шароит барчамиздан бир ёқадан бош чиқаришни, камчилик ва муаммоларни холис муҳокама қилиш орқали конструктив ечимларга келишни тақозо этмоқда. Партия аъзоси, депутат, давлат хизматчиси, журналист ёки блогер бўламизми, шу юртнинг оддий бир фарзанди сифатида четда туришга ҳаққимиз йўқ. Чунки эътиборсизлик, айниқса, нохолис ёндашувлар қимматга тушиши мумкин бўлган вазият бугун.
Ижтимоий тармоқда троллинг билан ўз номини яширишга ишончи комил бўлган айрим кимсаларнинг асоссиз ва ёлғон хабарлар тарқатиши ёки давлат бошқаруви билан боғлиқ қандайдир муаммоларни газак олдиришга ҳаракат қилаётганлари афсусланарли ҳолат, албатта. Тўғри, айрим соҳа ва тизимларда халқ мулкини талон-тарож қилаётганлар, ҳатто хайр-саховатга аталган маблағларни ўзлаштираётганларни ҳам кўряпмиз. Жиноятга қўл берган, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйган бундай кимсалар, албатта, қилмишига яраша «насиба»сини олади. Аммо шундай ҳолатлар орқали бутун бир халқни, давлатни ёмонотлиққа чиқариш адолатсизликдан бошқа нарса эмас.
Биз ана шундай мураккаб шароитда аҳолига кўпроқ холис ахборот етказиш учун фракциямиз аъзолари ва жойлардаги депутатлар орқали реал ҳолатларни ўрганяпмиз. Хусусан, фидойи шифокорлар билан мунтазам алоқада бўлиб турибмиз. Уларга ёрдам бериш бўйича турли тадбирлар, акциялар ўтказяпмиз. Шифокорларни қўллаб-қувватлаш бўйича видеоконтентлар, ОАВда чиқишлар уюштиряпмиз. Чунки бугунги шароитда шифокорлар меҳнати халқимизга нақадар зарур эканини эътироф этмаслик мумкин эмас.
Уларнинг кўпчилиги вирусли касалликка чалинган. Уларни даволаш учун кўпинча етарли даражада эътибор ҳам қаратилмаяпти. Шунга ўхшаш муаммоларни бартараф этиш учун яқинда инқирозга қарши курашиш комиссиясига шифокорлар касалланган тақдирда уларни алоҳида даволаш учун махсус марказларга жойлаштириш таклифини бердик. Чунки тиббиёт ходими бу жангда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Уларни тезда даволаб, сафга қайтариш масаласини аслида олдинроқ ўйлашимиз керак эди.
Пандемия оқибатлари, юртдошлармиз соғлиғи ҳақида гап кетганида партиямиз ватандошларимиз дардини ўз дарди, изтиробини ўз изтироби, деб билишини таъкидлашни истардим. Шунинг учун ҳам биз хориждаги ватандошларимиз соғлиғи, тинчлигини ўйлаб, уларни ўзлари ўқиётган ёки ишлаётган мамлакатларда даволаш ҳамда буни давлат томонидан молиялаштириш таклифини ҳам илгари сурдик. Масалан, Жанубий Корея, Туркия, Россия Федерациясидаги ватандошларимиз орасидан бугун Ўзбекистонга қайтишни истаётганлар сони 3 ёки 4 минг атрофида экан. Уларни қайтариб олиб келиш, албатта, кун тартибида турибди. Шу билан бирга, биз уларни ўзлари яшаб турган давлатларда тест топшириб, ўзларининг ҳолатларини аниқлаб олишларини жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Чунки, «Мен хориждаман. Ўзимда касаллик белгиларини сезяпман. Оилам хавфсизлиги учун, фарзандларим хавфсизлиги учун шу ерда қолиб, даволанишга қарор қилдим», деган фикрларни кўп эшитяпмиз. Биз ана шундай фидойи, вазиятни реал баҳолаётган юртдошларимизни даволаш жараёни молиялаштирилиши керак, деган фикрни билдиряпмиз.
Чунки олимлар вирус мутацияга учраётгани, у моделлашиб ўзгараётгани, бир муҳитдан бошқа бир муҳитга тушганидан кейин қандай шаклга киришини ҳеч ким айтиб бера олмаслигини таъкидламоқда.
Вируснинг турли штаммлари янада ваҳшийлашган ҳолатда пайдо бўлмаслиги учун хориждаги ватандошларимизни ўша ерда даволаш, соғлиғини тиклашни молиялаштириш масаласини кўтарган эдик.
Бугунги мураккаб шароитда нима қилсак яхшироқ бўлади, деган маънода ҳукумат билан, бошқа сиёсий партиялар билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаол ҳаракат қиляпмиз. Қўлимиздан келганча юртдошларимиз манфаати йўлида бир дақиқа ҳам фаолиятимизни сусайтирганимиз йўқ.
Хусусан, карантин эълон қилинган илк кунларданоқ коронавирус пандемиясининг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган «Бирмиз, қалбан биргамиз» ғояси остида ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилди. Айнан ана шу дастур доирасида жами 25 миллиард сўмликдан ортиқ хайрия ва кўмак ишларини амалга оширдик.
Партиядошларимиз томонидан «Зиёрат карвони» маърифий лойиҳаси доирасида 7 та «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйига, шунингдек, 100 га яқин хонадонга ижтимоий кўмак кўрсатилди. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимиздаги хайр-саховат ишлари олдида денгиздан томчи, холос. Тарғибот-ташвиқот йўналишида эса «Хотира» ва «Ўзлик ҳақида суҳбат» китоблари ҳамда Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Тил офатлари» китобининг аудио варианти яратилди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда «Биз биргаликда пандемияни албатта енгиб ўтамиз!» шиори остида онлайн флешмоб, «Депутат кўмаги», #vahimasizkarantin ҳештеги, «Бирмиз, қалбан биргамиз» шиори остида шифокор ва психологлар билан аҳоли ўртасида профилактик онлайн суҳбат каби лойиҳаларни амалга оширяпмиз.
Партиянинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги гуруҳлари ҳамда депутатларимиз томонидан 3256 та дорихона, 692 та бозор ҳамда 7896 та савдо мажмуаси (шохобчаси) фаолияти ўрганилди, уларнинг ташаббуси билан 560 та мансабдор шахснинг пандемиянинг олдини олиш ва бартараф этиш масалалари юзасидан эшитувлари ўтказилди. «Уйма-уй» лойиҳаси доирасида 77401 та оила қамраб олиниб, 387642 нафар фуқарога 6 миллиард 608 миллион 519 минг сўм қийматидаги хайрия ёрдамлари кўрсатилди. «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида аҳолига жами 21 миллиард 392 миллион 470 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдам берилди.
«Ижтимоий кўмак» акцияси доирасида 9960 та хонадонда яшовчи кам таъминланган оилалар, касалманд фуқароларга 335 760 000 сўм қийматдаги дори-дармон ва антисептик воситалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, етказиб берилди.
Шунингдек, «Хизмат-беминнат» лойиҳаси доирасида 1854 та бепул онлайн ўқув курси ташкил этилди.
Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, дунё бўйича 18 миллион кишини ўз домига тортишга улгурган пандемия янги Ўзбекистон ривожи, тараққиёти йўлида бошланган ниҳоятда улкан режаларимиз йўлини узоқлаштираётган бугунги шароитда ким қаерда, қандай соҳа ҳамда вазифада хизмат қилмасин, зиммасидаги масъулиятни чуқур англаши лозим. Шундагина ватанимиз ва халқимиз учун беминнат хизматкорга айлана оламиз.
Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси
фракцияси раҳбари
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг