Июнь ойидан махсус селекцион мусобақалар бошланади

14:48 21 Май 2021 Спорт
860 0

Юқори натижалар ортида терма жамоадаги кучли рақобат туради. Рақобат эса шаффоф ва тўғри амалга оширилган селекция натижасида юзага келади. Юртимиз ёшлари орасида ҳар бир спорт турида иқтидорлилар кўп. Уларни тўғри саралаб олиш соҳа мутахассислари олдидаги муҳим вазифа ҳисобланади. 

Бугун МОҚ раҳбарияти Ўзбекистон сузиш федерацияси билан шу ва бошқа масалалар бўйича учрашув ўтказди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниев ва бошқа мутахассислар иштирок этишди.

Учрашув кун тартибига мувофиқ, даставвал, Токио — 2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган сузувчиларимизнинг ижтимоий ҳолати, уларнинг оилаларига қаратилаётган эътибор ўрганиб чиқилди. Шундан сўнг жорий йил бўлиб ўтадиган Шантоу — 2021 ёшлар Осиё ўйинлари, Ханчжоу — 2022 Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган сузувчиларни селекция қилиш бўйича режалар кўриб чиқилди.

Якунда июнь ойидан барча спорт турларида махсус селекцион мусобақаларни йўлга қўйиш бўйича хулоса қилинди. Бу борада илк турнир Ўзбекистон сузиш федерацияси томонидан ташкил этилади. Табиийки, Хитойда ўтадиган мусобақаларга сараланган ёшлар ўз-ўзидан Париж — 2024 Олимпия ўйинлари учун ҳам кучли захира яратиб олишда муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер