Италияда «Бобурнома» асарининг тақдимоти бўлиб ўтди

Буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан Италияда «Бобурнома» асарининг итальян тилидаги таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ҳамда Римдаги «Sandro Teti Editore» нашриёт уйи ҳамкорлигида амалга оширилди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан нашр этилди.
Флоренция шаҳридаги тарихий «Palazzo Strozzi» саройида ташкил этилган тадбирда тарихчилар, шарқшунос олимлар, жамоат ва маданият арбоблари иштирок этди. Унда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, «Бобурнома» асарининг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Тадбир давомида Италия Сенати аъзоси Рикардо Ненчини, «Sandro Teti Editore» нашриёти раҳбари Сандро Тети, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва бошқа нуфузли меҳмонлар «Бобурнома»нинг Италияда нашр этилиши икки давлат ўртасидаги ижтимоий-маънавий ҳамкорликнинг муҳим воқеаси эканини таъкидлашди.
Рикардо Ненчини ушбу асарни XV-XVI асрларда Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эрон тарихий воқеаларини ёритувчи ноёб энциклопедия деб атади. Шунингдек, «Бобурнома»нинг XVIII асрдаёқ Европа тилларига таржима қилинганини, бугунги нашр эса Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги адабий-маданий алоқаларнинг ёрқин намунаси эканини қайд этди.
Баҳром Абдуҳалимов эса асарнинг итальян тилига илк бор таржима қилиниши Бобур ижодининг Италияда ва умуман Европада кенг оммага танилишига хизмат қилишини билдирди. Мазкур лойиҳа ўзбек ва итальян олимлари ўртасидаги илмий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.
Тақдимот давомида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ислоҳотлари алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди.
Тадбир иштирокчилари Италияда Амир Темур ва темурийлар, Бобур ва бобурийлар меросига бўлган катта қизиқишдан мамнун эканини билдиришди. Шунингдек, Флоренциядаги Уффици галереясида Амир Темурнинг ноёб портрети сақланиши, Болонья университети кутубхонасида Ибн Синонинг қўлёзма асарлари мавжудлиги ҳақида ҳам сўз борди. Тадбир доирасида Ватикандаги машҳур кутубхонага ташриф ҳам режалаштирилгани маълум қилинди.
Италиянинг «Vico» кинокомпанияси президенти Виктория Петросянтс эса ушбу таржима йирик маданий воқеа эканини қайд этиб, Ўзбекистон маданий меросининг бойлиги ва бетакрорлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, компания бир неча йилдан буён Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан буюк алломалар ҳаёти ҳақида фильмлар яратмоқда.
Мазкур тақдимот ва илмий-маърифий тадбирлар Бобур меросига бўлган қизиқишни янада оширди ва икки халқ ўртасидаги маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 8 июндан чиқиндидан қарздорлар электр учун тўлов қилолмайди
- АҚШда журналист қиз Трампнинг юзига микрофон билан уриб юборди
- «Қамчиқ» довонида фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда. Қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилган
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети QS рейтингида ТОП–500 таликдан жой олди
- Самарқандда ўқувчининг онаси мактабда жанжал кўтарди
- Энди таълим гранти талабаларнинг ўзлаштиришига қараб ҳар йили қайта тақсимланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг