Исроил—Яман таранглиги, Байденни ким кўндирган, Британия армиясида заифлик (+видео)

18:22 23 Июль 2024 Дунё
206 0

Исроил Яманга дрон ҳужумини амалга оширди

Исроилнинг учувчисиз дронлари Яман ҳудудига зарбалар берди. Сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, ушбу ҳаво ҳужумларидан сўнг Яманнинг Ходейда портидаги нефть омборларига жиддий зарар етган.

Қайд этилишича, бу Исроил томонидан ҳусий жангари гуруҳига биринчи тўғридан-тўғри зарба ҳисобланади. Яҳудий давлати биринчи ҳужумидаёқ нефтни қайта ишлаш заводлари ва электр инфратузилмасини нишонга олган.

Ҳаво ҳужуми ҳусийлар Тел-Авивдаги учувчисиз самолёт ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммаларига олганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Унда бир исроиллик ҳалок бўлган ва ўнга яқин киши жароҳатланганди. Исроил мудофаа вазири Ёав Галант «Ҳусийлар бизга 200 мартадан ортиқ ҳужум қилди. Биринчи марта Исроил фуқаросига зарар етказгани учун биз уларга зарба бердик», деган.

Ёқилғи ва халқаро ёрдам учун муҳим порт бўлган Ходейдага ҳужум Исроилни нишонга олган Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар иштирокидаги Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада чигаллаштириб юбориши кутилмоқда.

Исроил мудофаа кучлари портнинг «ҳусий режими» учун Эрон қуролларига кириш йўли бўлиб хизмат қилишини ҳисобга олгани айтилган. Дастлабки маълумотларга кўра, зарбалар натижасида камида 80 киши яраланган, кўпчилиги оғир куйиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Ҳужумлар Ходейда порти фаолиятини маълум вақтга тўхтатиб қўйди. Аммо Яман расмийлари порт ҳали ҳам тўлиқ қувватда ишлаётганини даъво қилмоқда. Қайд этиш керакки, ҳусийларнинг Тел-Авивга учирган битта дрони муваффақиятли тарзда Исроилнинг «Темир гумбаз» мудофаа тизимини ёриб ўта олганди.

Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати «Катюша» ракеталари билан Исроил шимолидаги Суриэл қишлоғига ҳужум қилди. Чунки 22 июль куни Исроил армияси томонидан Ливан жанубидаги Сур ва Адлоун шаҳарларидаги қурол-яроғ омборига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида минтақада кучли портлашлар содир бўлган, камида уч киши жароҳат олган.

Британия армиясида жиддий муаммолар борлиги айтилмоқда

Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили мамлакат қуролли кучлари қатор жиддий муаммоларга дуч келаётганини айтди. Шу ўринда у қуруқлик, денгиз ва ҳаво кучлари қийинчиликларга дуч келаётганини алоҳида таъкидлади.

Вазирнинг айтишича, ҳозир армияда кучнинг камайиши, беҳуда харидлар, паст маънавият, ишга олиш ва ушлаб туриш инқирози ҳамда фахрийлар ўзлари муносиб хизматлардан фойдалана олмаслиги каби муаммолар мавжуд.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда янги лейбористлар ҳукумати ҳокимиятга келганидан сўнг, бу муаммолар партия илгари ўйлагандан кўра жиддийроқ эканлиги сезилиб қолди.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Киев ва Лондон мамлакат мудофаа қобилиятини кредит билан таъминлаш бўйича келишув имзолаганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Украина бу маблағдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радар ва қурол-яроғ тизимларини сотиб олишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Киев технология олиш ва Ғарб услубидаги ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмларни қисман ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ниятида.

Байденни ким кўндирган?

АҚШ президенти Жо Байден икки нафар энг яқин маслаҳатчиси билан учрашувдан сўнг қайта сайланишдан воз кечишга қарор қилган. Бу ҳақда «Politico» ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Байден ўз вице-президенти Камала Ҳаррис номзодини қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп Ҳаррисни мағлуб этиш, унга Байденни енгишдан кўра анча осон бўлишини таъкидлади.

Нашрнинг ёзишича, шанба куни эрталаб Байден ўз штаб-квартирасига сайлов кампанияси қизғин паллада эканини айтган. У икки нафар энг яқин ёрдамчиси билан узоқ суҳбатдан кейин ўз позициясини ўзгартирди. Манбаларга кўра, Майк Донилон ва Стив Рикчетти Байденнинг Делавердаги уйига келишган. У ерда COVID-19 билан касалланган президент ўзини изоляция қилган. Донилон Байденнинг бош сиёсий стратеги ва спичрайтери ҳисобланади.

Донилон ва Рикчетти Байденга унинг тўхтаб қолган маблағ йиғиш кампанияси ҳақида маълумот беришган ва ноябрдаги сайловларда ғалаба қозонишнинг иложи йўқлигини кўрсатадиган ўзларининг сўров маълумотларини тақдим этишган. Фикр алмашиш чоғида Байден бир қанча саволлар берган.

«The Wall Street Journal»нинг ёзишича, айнан Донилон ва Рикчетти Байденнинг президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилувчи баёнот тайёрлашга ёрдам берган.

Камала Ҳаррис Нетаняҳу билан урушни тўхтатиш ҳақида гаплашмоқчи

Жо Байден пайшанба куни Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан Оқ уйда кўришади. Охирги марта 2023 йил 18 октябрда Байден Тел-Авивга ташриф буюрганидан буён икки раҳбар биринчи марта учрашади. Жо Байден сешанба куни 23 июль санасида Делавердаги уйидан Оқ уйга қайтиши маълум қилинган.

Ушбу йиғилишда вице-президент Камала Ҳаррис ҳам иштирок этади. У Нетаняҳуга Ғазодаги урушни Исроил хавфсизлигини таъминлайдиган тарзда тугатиш вақти келганлигини таъкидламоқчи. Ҳаррис АҚШнинг Исроил хавфсизлигини таъминлашга чинакам содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.

Ҳаррис номзодликни қўлга киритиш учун етарли бўлган 1976 делегатни тўплаган. Сўнгги кунларда Ҳаррис кампаниясига 28 мингдан ортиқ янги кўнгиллилар рўйхатдан ўтди. У ўзининг биринчи сайловолди ташвиқотини Висконсиндан бошлаши айтилмоқда.

Ҳаррис онасининг қариндошлари ҳиндистонлик ҳисобланади.Тамилнадудаги қишлоқ аҳолиси Демократик партия номзодини қўлга киритмагунича Ҳаррис учун ибодат қилишларини айтмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?