Халқаро конгресс якунланди

16:55 26 Август 2024 Жамият
261 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23-26 август кунлари мамлакатимизда “Буюк аждодлар мероси — учинчи Ренессанс асоси” мавзусида VIII халқаро конгресс ўтказилди. Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда 35 давлатдан 300 га яқин олимлар, экспертлар, тадқиқотчилар қатнашди.

Конгресс очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Халқаро конгресс давомида  7 та шўъба йиғиши, 1 та форум, 4 та пленар мажлис, 13 та илмий панел йиғилиши, 4 та эксклюзив кўргазма ташкил этилди, 300  дан ортиқ илмий маърузалар тингланди. 

Маълумки, Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU ҳомийлигида амалга оширилаётган лойиҳалар муҳим маданий, илмий ва технологик ташаббусларни ўз ичига олади. Шу маънода VIII конгресс тадқиқотлар ва янгиликлар муҳокама қилинган платформага айланди, десак, муболаға бўлмайди. Хусусан,  «114 қуръон», «Ўзбекистон қуръонлари», «Ўзбекистоннинг нодир қўлёзма дурдоналари»  каби лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Бундан ташқари, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” анъанавий (71-80-жилдлар) туркумининг 10 та янги жилди тақдимоти ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

“Буюк аждодлар мероси — учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресс якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг янгиланган концепцияси, кейинги йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” қабул қилинди.  Чет эллик бир гуруҳ олимлар WOSCUнинг “Олтин китоб” халқаро мукофоти билан тақдирланди. 

Дунёнинг 300 га яқин олимлари анъанавий тарзда Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаатнома йўллашди. Ушбу мурожаатномада  давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида жорий этилаётган кўп қиррали ислоҳотлар, жумладан, мамлакатнинг очиқлиги ва халқаро муносабатларни ривожлантириш, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш туфайли Ўзбекистон маданий меросини қайта тиклаш ва оммалаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш имкони яратилаётгани қайд этилди.

 “Буюк аждодлар мероси — учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресснинг Самарқанд Декларацияси қабул қилинди. Унда конгресс иштирокчилари Янги Ўзбекистон беқиёс меросга, юксак илмий салоҳиятга эга давлат сифатида халқаро майдонда ўз мавқеини ишонч билан мустаҳкамлаётганини эътироф этди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(«Халқ сўзи»)

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?