Исроил Ғазодаги мактабни бомбардимон қилди, қурбонлар бор 

13:21 23 Апрель 2025 Дунё
94 0

Исроил кучлари Ғазо ҳудудида жойлашган мактаб сифатида фойдаланилаётган бинони бомбардимон қилди. Мазкур ҳужум оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Исроил ҳарбийлари Ғазони бомбардимон қилишда давом этмоқда. Бугун, 23 апрель тонгида Ғазо ҳудудидаги мактаб сифатида фойдаланилаётган бинога қилинган ҳужум натижасида йирик ёнғин келиб чиққан. Оқибатда 10 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Улар орасида мактаб ўқувчиси ҳам борлиги айтилмоқда.

Бундан ташқари, Исроилнинг Ғазога ҳужумлари оқибатида сўнгги 24 соат ичида камида 32 нафар фаластинлик қурбон бўлган. Тинимсиз портлашлар, ўққа тутишлар ортидан Ғазо шаҳрида жойлашган асосий тиббий муассасалардан бири ҳисобланган «El Dorra» педиатрия касалхонасига ҳам жиддий зарар етган.

Аввалроқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори мартабали вакиллари Исроил ҳукуматининг Ғазодаги мактаб ва шифохона каби муҳим фуқаролик муассасаларига қилаётган ҳужумларини қоралаб, бу ҳаракатларни инсониятга қарши жиноят сифатида баҳолаган эди.

Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад ибн Абдулраҳмоннинг таъкидлашича, Доҳа Ғазодаги урушни тўхтатиш ҳамда келишувга эришиш мақсадида ҳали ҳамон воситачилар билан музокаралар ўтказмоқда.

Маълумот учун, уруш бошлангандан буён Исроил ҳукумати Ғазодаги муҳим фуқаролик муассасаларига зарбалар бериб келмоқда. Мазкур ҳужумлар оқибатида юзлаб фаластинликлар воқеа жойида ҳалок бўлган.

  • Жумладан, 2023 йил 16 октябрь куни Исроил кучлари Ғазо марказидаги «Al-Magʻozi» лагерида бошпана вазифасини ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги мактабига ҳужум уюштирган. Босқин оқибатда олти киши ҳалок бўлган.
  • 2023 йил 19 декабрь куни Ғазо шаҳридан эвакуация қилинган маҳаллий аҳоли вакиллари жойлашган иккита мактаб биноси Исроил кучлари томонидан ҳаво ҳужумига учрайди. Оқибатда 15 нафар қурбон, 30 нафардан ортиқ ярадорлар аниқланган.
  • 2024 йил 9 июль куни «Xon-Yunis» яқинидаги Абассан шаҳрида жойлашган «Al-Avda» мактаби ҳудудига қилинган босқин оқибатида 30 нафар фаластинлик қурбон бўлган.
  • 2024 йил 4 август куни Исроилнинг Ғазо шаҳри ғарбидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қарашли иккита мактаб, «Hasan Salama» ва «Al-Nasr» мактабларига уюштирган зарбалари оқибатида камида 30 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Ўнлаб инсонлар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.
  • 2024 йил 11 сентябрь куни Исроил кучлари «Nuseyrat» қочқинлар лагеридаги «Al-Jauniy» мактабини бомбардимон қилган. Ҳужум оқибатида камида 18 нафар фаластинлик, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигининг олти нафар ходими вафот этган.
  • 2025 йил 3 апрель куни Ғазо ҳудудидаги «Tuffah» маҳалласида жойлашган учта мактаб Исроил кучлари босқинига учраган. Ушбу ҳаво ҳужуми оқибатида 33 нафар фаластинлик қурбон бўлган. Мазкур мактаб бинолари турли қочқинлар ҳамда эвакуация қилинган маҳаллий аҳоли вакиллари учун бошпана вазифасини ўтаётган бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?