Оқова сувлар қачон қимматли ресурсга айланади?

15:41 24 Апрель 2025 Жамият
184 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Бир неча йилдирки, Ургут туман марказидаги кўп қаватли хонадонлардан чиқаётган оқова, эркин иқтисодий зона ҳудудида жойлашган корхоналарнинг чиқинди сувлари Янгиариқ каналига оқизиб келинмоқда. Каналларда чиқинди сувларнинг йиғилиб қолиши ёки қувурларга тиқилиб қолиши аҳолининг турли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

2019 йилда Мирзақишлоқ маҳалласи ҳудудида қайта фойдаланиш учун сувни тиклашга ёрдам берадиган иншоот қурилди. Айни пайтда ускуналар оқова сувларни тозалаб турибди. Аммо қайта ишланган техник сув яна Янгиариқ каналига оқизиб юборилаётгани қишлоқ хўжалиги, инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда.

— Мазкур иншоот қурилганда оқова сувлар қимматли манбага айланишига умид қилгандик. Ускуналар ёрдамида чиқинди сувлар Янгиариқ каналига тушяпти, — дейди Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Файзулло Хўжамуродов. — Шу ариқларда оқаётган сувдан экинларимизни суғорамиз. Сув таркибида кимёвий моддалар борлиги сабабли экинларимиз қуриб қоляпти. Илгари шу ариқ сувидан ўзимиз ичганмиз, бугун ҳатто ҳайвонлар ҳам ичмайди. Каналдаги сувнинг бадбўй ҳидига чидаб бўлмайди.

Мутахассислар маълумотга кўра, мазкур оқова сув тозалаш иншооти тумандаги кўп қаватли уйларда яшовчи 22,7 минг аҳоли ҳамда 75 та ишлаб чиқариш ва бошқа объектларга хизмат кўрсатади. У кунига 1000 куб метр оқова сувни тозалашга мўлжалланган. Аммо бугунги кунда завод-фабрикалардан турли кимёвий моддалар оқоваси келиб тушиши оқибатида иншоотнинг қурилмаларига зарар етмоқда. Бугунги кунда бу ерга келаётган оқова миқдори иншоотнинг қайта ишлаш қувватидан икки баробар ортиқ бўлганлиги туфайли ортиқча сувни тўғридан тўғри каналга қуйишга тўғри келмоқда.

Маълумки, оқова сувлар тозалаш иншоотида тозалангандан кейин ундан чиққан техник сув доимий равишда оқиб турадиган сув ҳавзаларига ташланиши лозим. Янгиариқ каналига фақатгина экинларни суғориш пайтида сув берилади. Мирзақишлоқда қурилган тозалаш иншоотида бу жиҳат ҳисобга олинмаган.

— Биз бу масалага ечим сифатида ҳамда бу ерга келаётган оқова сувлар белгиланган меъёрдан анча кўпайиб бораётгани сабабли 2023 йилда туманнинг Ўрамас массивида суткасига 10 минг куб метр оқовани қабул қилишга мўлжалланган тозалаш иншооти қурилишини бошлаганмиз, — дейди «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжинеринг компанияси» давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Асрор Насимов. — У ишга тушиши билан бу ерга келаётган оқова ўша иншоотга йўналтирилади.

Шу ўринда айтиш керакки, 2023-2024 йилларда қурилиб фойдаланишга топширилиши белгиланган мазкур объект қурилиши бошлангач, иш ҳажми лойиҳа қийматидан ошиб кетган. Иншоотни тўлиқ қуриб жиҳозлаш учун қўшимча маблағ зарур. Шу сабабли буюртмачи — «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжинеринг компанияси» давлат унитар корхонаси томонидан 13,7 миллиард сўм қўшимча маблағ учун ҳужжатлар тайёрланиб, экспертизага берилган. Экспертиза хулосаси асосида маблағ ажратилиши таъминланади.

Аҳолининг бир неча бор мурожаати ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлардан сўнг айни пайтда бадбўй оқава сувларни оқизиб юбориш учун Янгиариқ каналига сув қуйилган. Аммо бу масаланинг ечими эмас. Янги қурилаётган сув тозалаш иншоотига қўшимча маблағ ажратилсагина, бу муаммо ўз ечимини топади. Шундагина оқова сувлар қимматли ресурсга айланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?