Танзила Нарбаева «Better Cotton» халқаро ташкилоти бош директори Алан Макклей билан учрашди

19:51 13 Июнь 2025 Сиёсат
193 0

Женева шаҳрида Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева «Better Cotton» халқаро ташкилоти бош директори Алан Макклей билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида Ўзбекистонда «Better Cotton» дастурини амалга ошириш тажрибаси ва бу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашувда «Better Cotton» дастурининг нафақат пахтачиликда сертификатлаш воситаси, балки экологик барқарорлик, ижтимоий масъулият ва меҳнат стандартларини яхшиловчи платформа сифатидаги роли муҳим экани таъкидланди. Дастур доирасида иштирок этиш орқали Ўзбекистон пахтачилик ишлаб чиқарувчилари учун халқаро бозорга чиқиш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса мамлакатнинг тўқимачилик маҳсулотлари экспортида ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Суҳбат давомида Ўзбекистонда «Better Cotton» дастури қамровини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирги пайтда дастур 6 та пахта кластерини қамраб олган бўлиб, улар йилига қарийб 30 минг тонна пахта хомашёси етиштирмоқда. Бу натижалар мазкур платформанинг юртимизда барқарор ишлаб чиқариш ва масъулиятли етказиб бериш маданиятини шакллантиришга ҳисса қўшаётганини кўрсатади.

Томонлар ушбу йўналишда шерикликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирган ҳолда, Ўзбекистон ва «Better Cotton» ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?