Уйғонган юрт садоси

Тошкент вилоятида сурат ва сийрат янгиланишлари
Уйғонган юрт садоси…
Тошкент вилояти ҳақида гап кетганда, кўнглимиздан ана шу фикр ўтади. Бу бежиз эмас, албатта. Бугун вилоят шунчаки пойтахтга яқин ҳудуд эмас, балки амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар билан янги Ўзбекистоннинг жонли тимсолига айланмоқда.
2021 йил 18-19 март кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи нафақат расмий воқелик, балки бутун вилоят тақдири учун тарихий бурилиш нуқтаси бўлган эди. Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида халқ ичига кириб, туман ва шаҳарлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги «ўсиш нуқталари»ни амалий кузатув ва мулоқотлар йўли билан топишга бел боғлади. Юртбошимизнинг журналистлар билан суҳбатда айтган сўзлари яна ҳам кўпроқ маъно касб этади: «Менинг энг катта мақсадим – ҳар бир туманнинг «ўсиш нуқтаси»ни топиш... Тошкентда кабинетда ўтириб эмас, пастда юриб, буни амалга ошириш...» Бу хизматхонасида тузилган режалардан ҳаёт гирдобига тушиб ишлаш, сукунатда қолган муаммоларни халқ овози орқали эшитиш, чин маънода, халқ ичида бўлиш сиёсатининг давомли кўринишлари эди.
Тан олиш керакки, Президентимиз мақсад қилган «ўсиш нуқталари» топилди. Кўп эмас, орадан тўрт йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бугун эса кечаги мақсадлар амалдаги улкан ўзгаришларга айлангани, «ўсиш нуқталари» энди фақат харитада эмас, балки вилоятнинг иқтисодий ва ижтимоий тузилмасида реал манзара касб этаётганини кўряпмиз.
Ўзини топа олган ҳудуд
Ҳар бир ҳудуднинг, у ердаги юртдошларимизнинг минг йиллардан буён шаклланиб келаётган яшаш тарзи, ўзлигини намоён қилиш шамойили мавжуд. Мамлакатимиз ҳудудлари нафақат табиий географик жойлашуви, балки бу ерда яшаётган инсонларнинг маънавий қиёфаси нуқтаи назаридан ҳам фарқ қилади. Баъзи ҳудудлар борки, уларнинг тараққиёти доим очиқ саҳнада кечади, ҳар бир ютуғи шов-шувга сабаб бўлади. Аммо баъзи ҳудудлар борки, улар сабр билан яшайди, ички жасоратини сокинликда, юракда сақлайди. Тошкент вилояти ана шундай юртлардан: у узоқ йиллар давомида «пойтахтга яқинлик» деган номда юрган, аммо ботинида тинимсиз қўзғалиш, ўзини намоён этишга нисбатан кучли салоҳиятни яшириб келди.
Бугун эса бу диёр ислоҳотлар марказида. Аввалги йилларда ишлаб чиқариш суст, хизматлар чекланган, аҳоли эҳтиёжи четда қолган бўлса, бугун барча соҳада янги нафас, янги ташаббуслар юзага чиқмоқда, амалиётга фаол татбиқ этилмоқда. Яширин имкониятлар юзидан «ҳарир пардалар» кўтарилди. Вилоятда кўплаб янги корхоналар ва лойиҳалар ишга тушаётгани одамларнинг тафаккури, дунёқараши, ҳаётга муносабати ҳам янгиланаётганидан далолат.
Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда одамлар ҳаётга бошқача қараяпти. Уларнинг кўзларида ишонч уйғонган. Эндиликда фуқаролар ўзини томошабин деб билмайди: у жараён иштирокчиси, ҳатто унга таъсир кўрсатувчи субъект. Маҳаллий Кенгашларда фаоллик ошди, жамоатчилик назорати амалда таъминланмоқда. Бу эса бутун бошқарув тизимини халққа яқинлаштирди, одамларнинг давлатга ишончи ва муносабатини ўзгартирди.
Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар, қурилаётган иншоотлар, ишга тушаётган лойиҳалар ортида рақамларнигина эмас, балки инсон тақдири ўзгараётгани, меҳнати қадри ошаётгани, ҳаёти фаровонлашаётганини кўриш мумкин.
Вилоят бугунги кунда «ўзини топа олган ҳудуд»га айланди. Ҳудуднинг қулай географик жойлашуви, кенг турдаги қазилма бойликлари, салоҳиятли инсон ресурсидан унумли фойдаланилмоқда.
Тараққиёт бу юртда баландпарвоз гаплар билан эмас, натижа билан ўлчанмоқда. Вилоят эндиликда фақатгина ишлаб чиқармайди, балки ўз брендига эга. Бу ерда одамлар фақат меҳнат қилмайди, балки яратади, ижод этади. Шу боис янги лойиҳалар келажак пойдеворига айланмоқда. Бу заминда ҳар бир тажриба – бир мактаб, ҳар бир ютуқ – бир ўзгариш сифатида намоён бўлмоқда.
Шу сабабдан ҳам Тошкент вилоятидаги ўзгаришлар ҳақида гап кетганда, тўғридан-тўғри заводлар ёки йўллар ҳақида эмас, инсон ҳақида, у қандай яшаяпти, қандай фикрлаяпти, қай йўналишда тараққий этаётгани ҳақида сўз юритилади. Бу юрт энди фақат моддий жиҳатдан эмас, маънавий жиҳатдан ҳам бой бўлиб бораётгани эътироф этилади. Энг катта бойлик эса – бу инсонларда эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссининг шаклланганидир.
Юксалиш моҳияти
Бугун юксалиш фақат иншоотлар сони ёки экспорт кўрсаткичи билан эмас, балки инсонлар юрагидаги хотиржамлик, оила бағридаги ором ва келажакка қатъий ишонч билан баҳоланмоқда. Чунки ҳақиқий тараққиёт рақамларда эмас, инсон тафаккуридаги ўзгаришда ўз аксини кўрсатади.
Тошкент вилоятидаги ўсиш ҳам айнан ана шундай ички янгиланишга асосланган: давлат ва жамият ўртасидаги ишонч кўприги мустаҳкамланиб, халқ овози давлат қарорларида акс этмоқда. Бу юртда сукут ўрнини сўз, тасаввур ўрнини режа, умидсизлик ўрнини ҳаракат эгаллаётир. Деҳқон ерни фойда манбаи сифатида эмас, имконият сифатида баҳолайди; тадбиркор фақат бойиш учун эмас, жамиятни ривожлантириш учун ҳаракат қилади. Ёшлар эса фақат орзу билан эмас, аниқ мақсад ва режа билан яшамоқда. Давлатимиз раҳбари бот-бот такрорлаётган «халқни рози қилиш» ибораси замирида ана шу хотиржам ҳаёт тарзи, халқ манфаати устунлиги ва унинг таъминланиши ётади, аслида.
Вилоятда тараққиёт инсон қалбида бошланганига урғу бердик. Зеро, унинг амалий ифодаси жамиятдаги ҳаракатда, лойиҳаларда, сармоя ва экспортда ўз аксини топаётгани ҳам рост. Чунки руҳдаги янгиланишни қўллаб-қувватловчи энг муҳим восита, бу – орзуларни рўёбга чиқариш учун яратилган шарт-шароит, ишончли инвестиция муҳити, фаол иқтисодий ҳаёт ва кенг имкониятлар майдонидир. Ана шу рағбатларга эга инсон чинакам қудратли кучга айланади, яратади, яшнатади.
Биргина Чирчиқ шаҳри мисолида 2016 – 2024 йиллар давомида амалга оширилган ишлар самараси фикримизни тасдиқлайди. Бу йиллар давомида аҳоли сони 15,6 фоизга ошган бўлса, саноат маҳсулотлари ҳажми 11,8 фоизга ўсди. Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар 16,4 фоизга кўпайди, ташқи савдо айланмаси эса 5,2 баробар ортди. Энг муҳим кўрсаткичлардан бири – ўртача ойлик иш ҳақининг 277 фоизга ошганидир.
Бу рақамлар шунчаки муайян сонни ифодаламайди, балки одамлар ҳаётига чуқур кириб борган ислоҳотларнинг амалий натижасини кўрсатади, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган кенг қамровли ўзгаришларни намоён қилади.
Тараққиёт катализатори
Тошкент вилоятидаги янгиланиш жараёнлари инсон тақдири билан уйғун ва ҳаётбахш. Зеро, туризмни ривожлантиришдан то бандликни таъминлашгача, бюджетни кенгайтиришдан то хорижий инвестицияларни кўпайтиришгача – барча ислоҳотлар халқ манфаатига хизмат қилмоқда.
Биргина туризм соҳасини олайлик. Мазкур тармоқ вилоят тараққиётидаги муҳим «ўсиш нуқталари»дан бирига айланиб улгурди. У фақат дам олиш соҳаси эмас, балки инфратузилмани тубдан янгилайдиган, маҳаллий тадбиркорликни жонлантирадиган, юртнинг маданий салоҳиятини намоён этувчи омил сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
2024 йилда Тошкент вилоятига 468 минг хорижий сайёҳ ва 7,7 млн. маҳаллий меҳмоннинг ташриф буюргани вилоятнинг табиий гўзалликлари, тарихий мероси ва инсонларининг меҳмондўст руҳини эътироф этган юксак кўрсаткичдир. Мазкур рақамлар орқали нафақат туристлар оқими ошганини, балки ички бозордаги ҳаракат, тадбиркорликдаги фаоллик, янги иш ўринлари ва туризм воситасида иқтисодиётга қўшилаётган салмоқли ҳиссани кўрамиз. Янги ташкил этилган 28 та оилавий меҳмон уйи, 17 та турагентлиги ва 9 та туроператор инфратузилманинг техник ривожинигина эмас, балки халқнинг саъй-ҳаракатлари билан қурилаётган иқтисодий маданият, хизмат сифатига бўлган талабнинг ортиши ва вилоятнинг туризм салоҳиятини фаол амалга чиқаришга қаратилган қатъиятли қадамларни англатади. Паркент, Оҳангарон ва Бўстонлиқ туманларида ташкил этилган ўнлаб «туризм қишлоқлари»нинг ҳам бунда муносиб улуши бор.
Айниқса, анъанавий тус олган «Узум сайли» ва халқаро виночилик фестивали ҳудудга сайёҳлар оқимини ошириш, узумчилик ва виночилик йўналишида тажриба алмашиш, экотуризм маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш ҳамда хорижий сармояларни юртимизга жалб қилишга қаратилгани билан янада аҳамиятли.
Дунё билан алоқалар кенгайиб, инфратузилма ривожлангани сари мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ҳам ошмоқда. Шундай жозибадор масканлардан бири, шубҳасиз, Бўстонлиқ тумани. Чорвоқ сув омбори ва дарёлари, қорли тоғлари, хушманзара дарахтзорлари боис у ерда йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш мумкин. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида сўнгги йилларда Бўстонлиқда кўплаб янги мажмуалар барпо этилди, Амирсой, «Белдирсой – Чимён – Нанай» курорти каби лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, сўнгги беш йилда 2 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиб, 13 мингдан зиёд ўринга эга 59 та янги туризм иншооти ишга туширилди.
Бундай натижалар чет эллик сармоядорларни ҳам ўзига тортмоқда, янада катта миқёсдаги лойиҳаларга йўл очмоқда. Жумладан, озарбайжонлик ишбилармон Эмин Агаларов қатор йирик хорижий компаниялар билан шерикликда Чорвоқ сув омбори бўйида «Sea Breeze Uzbekistan» халқаро туризм маркази барпо этиш истагини билдирган. Лойиҳага кўра унда дам олиш, чўмилиш ва спорт масканлари, меҳмонхоналар, коттежлар, тураржойлар бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади. Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилади. Келажакда ўзига хос «туризм хаб»ига айланиб, унда йил давомида дам олиш ва яшаш мумкин бўлади.
Демак, туризм – вилоятда янги иш ўринлари, ишонч ва имкониятлар манбаи. Бу соҳа орқали вилоят нафақат иқтисодий, балки маданий-маърифий жиҳатдан ҳам ташқи дунёга очилмоқда. Шу жиҳатдан, туризм Тошкент вилояти учун нафақат ҳозирги тараққиёт катализатори, балки истиқболни белгилаб берувчи таянч соҳалардан бирига айлангани, шубҳасиз.
Ишсиз кўпми, иш ўрними?
Бандлик соҳасида эришилган ютуқлар вилоят тараққиётининг энг ҳаётий ва халқчил кўрсаткичларидан биридир. Чунки иш ўрни билан боғлиқ ҳар бир рақам ортида инсонларнинг тақдири, оилаларнинг фаровонлиги, фарзандлар келажаги билан боғлиқ иқтисодий кафолат туради.
2024 йилда 293,6 минг нафар аҳолининг турли соҳаларда иш билан таъминлангани давлат ислоҳотлари жамият ҳаётининг реал қатламига чуқур кириб борганини тасдиқлайди. Айнан хизмат кўрсатиш соҳасида 184,4 минг, қишлоқ хўжалигида 97,3 минг, қурилишда 7,2 минг иш ўрни яратилгани бу меҳнатнинг қадри тикланаётганини, ҳар бир фуқаронинг фаоллиги иқтисодий ҳаракатга айланаётганини англатади. Ишонч билан айтиш мумкинми, ҳудудда ишсизлардан кўра иш ўрни кўпайган.
Бандликни таъминлаш давлат ва жамият ўртасидаги ишончли кўприкдир. Ана шу кўприк бугун Тошкент вилоятида янгича мазмун, аниқ йўналиш ва ҳаётбахш натижа билан мустаҳкамланмоқда. Бу эса меҳнат орқали бунёд этилган ҳаёт, тадбир ва ташаббусга асосланган ором рамзидир.
Маҳаллий бюджет кўрсаткичларидаги 104 фоизлик бажариш, 2,7 трлн. сўмлик тушум ва «ташаббусли бюджет» жараёни орқали амалга оширилган 313 та ғолиб лойиҳа ҳам фуқароларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштироки ифодасидир. Бу юртимизда халқ овозини эшитишгина эмас, балки у орқали ҳаракат қилиш маданияти шаклланаётганини англатади.
Илм ва саломатлик ҳаёт сифатини белгилайди
Жамиятнинг барқарор ривожи, фуқароларнинг маънавий камолоти ва ҳаёт сифати, аввало, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг қай даражада етуклиги билан белгиланади. Тошкент вилоятида охирги йилларда айнан шу соҳаларга катта эътибор қаратилди. Бугун вилоятда замонавий таълим ва тиббий хизматлардан баҳраманд бўлиш фақат ҳуқуқ эмас, реал имконият. Бу ўзгаришлар аниқ стратегия, изчил сиёсат ва халқ манфаатига қаратилган ислоҳотлар самарасидир.
Таълим соҳасида, аввало, инсон омили, яъни ўқитувчи масаласига жиддий ёндашилди. Бир вақтлар педагог кадрларга энг юқори эҳтиёжи бор ҳудудлардан бири саналган Тошкент вилоятида Чирчиқ давлат педагогика университети орқали бу муаммога тизимли ечим топилди. Университет битирувчилари сони оширилди, уларнинг ишга жойлашишига институционал кўмак кўрсатилди. Чунки яхши ўқувчи тайёрлаш учун аввал яхши ўқитувчи керак. Бу жараёнда таълим муассасаларининг моддий-техника базаси ҳам инкор этилмас даражада янгиланмоқда. Мактаб ва боғчаларнинг инфратузилмаси замонавий ўқув анжомлари, технологиялар билан тўлдирилмоқда, бу эса таълим сифатини табиий равишда оширмоқда.
Таълим даргоҳларида ўқув дастурлари ва методикалар қайта кўриб чиқилиб, замон талабларига мослаштириляпти. Чунки замонавий дунёда илм фақат қомусий билим эмас, у ўйлаш, англаш, тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини англатувчи тушунчадир. Вилоятда таълим мазмуни ана шу кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилмоқда.
Энг муҳим тараққиёт белгиларидан бири рақамли технологияларнинг таълим жараёнига фаол жорий этилаётганидир. Онлайн платформалар, интерактив дарслар, виртуал муҳитлар бугун ёшларнинг дунё билан тенглашувига хизмат қилмоқда.
Вилоятдаги таълим ва тарбия сифатининг замонавийлашувида, халқнинг таълимга бўлган муносабати тубдан яхшиланишида Чирчиқ давлат педагогика университети ўзини нафақат кадрлар тайёрловчи марказ, балки илғор ғоялар, инновацион ечимлар таклиф қилувчи даргоҳ сифатида намоён қилмоқда. Ушбу масканда амалга оширилаётган янги авлод таълим стратегиялари вилоятда ўқув тизимини ривожлантириш, унинг самарадорлигини ошириш ва асосийси, инсон салоҳиятини юксалтиришга қаратилган. Университет нафақат мутахассислар тайёрлайди, балки улар орқали бутун жамиятда билим, фикрлаш маданияти ва фаол фуқаролик позициясини шакллантирмоқда.
Соғлом инсон – кучли жамият пойдевори. Шу боис вилоятда тиббиёт соҳасига бўлган ёндашув сўнгги йилларда тубдан ўзгарди: энди шифохоналар фақат муолажа жойи эмас, балки инсон қадрини ҳимоя қилувчи муассасалар ҳамдир.
Соғлиқни сақлаш тизимида ҳаётга татбиқ этилган рақамли технологиялар тиббий хизматлар сифатини ошириш ва самарадорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Соҳада жорий этилган «электрон рецепт» тизими шифокор ва бемор ўртасидаги муносабатни мутлақо янги поғонага олиб чиқди. Шифокорлар дори воситаларини электрон шаклда тайинлар экан, дорихоналар билан интеграцияланган тизим орқали беморлар дорини осонлик билан қабул қиляпти. Бу нафақат ноқонуний савдони чеклади, балки инсон учун қулайлик ва шаффофлик муҳитини яратди.
Оилавий поликлиникаларда беморларни энг кўп қийнайдиган масала нима? Шифокор қабулини узундан-узун навбатда кутиш. Бу ҳолат, айниқса, ёш болали аёллар, ҳомиладорлар ва оғир беморларга қийинчилик туғдириши бор гап. Муаммо ечими эса битта – бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш.
Шундан келиб чиққан ҳолда бутун юртимизда бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, бирламчи бўғинда «Электрон поликлиника» ахборот тизимининг босқичма-босқич йўлга қўйилиши соҳа ходимлари ва беморлар учун айни муддао бўлди. Аввал бемор шифокор қабулида 40 дақиқа навбат кутган бўлса, эндиликда мутахассис кўригига онлайн ёзилиш орқали бу вақт 10 дақиқагача қисқарди.
Бугун вилоят шифохоналарида ахборот тизимлари орқали беморларнинг тиббий маълумотлари электрон тарзда сақланмоқда. Бу шифокорларга тўлиқ маълумот асосида тез ва аниқ қарор қабул қилиш имконини беради. Демак, тиббий муолажа эндиликда текширилган маълумот, режали ечим ва кутилган натижага асосланган.
Қисқача айтганда, соғлиқни сақлаш соҳаси Тошкент вилоятида янги поғонага кўтарилди. Бу рақамлардагина эмас, ҳаётда, инсонлар саломатлигида, шифо топаётган қалбларда акс этмоқда. Зеро, мазкур жабҳадаги ислоҳотлар заминида «Соғлом инсон – барқарор жамият» ғоясини амалга ошириш ётади.
«Инсон – жамият – давлат»
Кейинги йилларда «давлат – жамият – инсон» тамойили «инсон – жамият – давлат» тамойилига ўзгартирилгани Ўзбекистонда инсон қадри барча нарсадан устун эканини яна бир бор намоён этди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойили конституциявий меъёр сифатида мустаҳкамланди.
Шу асосда ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш учун ислоҳотларни дадил амалга ошираётган эканмиз, сифатли таълим, малакали тиббий хизмат, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартириш устувор вазифамиз бўлиб қолаверади.
Ўзбекистонда бугун яратилаётган янги давлат бошқарув тизими шунчаки маъмурий ислоҳот эмас, балки инсон қадрини эъзозлаш, уни ҳар бир қарор мазмунига сингдириш сари ташланаётган туб ўзгаришлар йўлидир. «Инсон ва унинг бахти учун!» деган эзгу ғоя бу давлат ҳамда жамият муносабатларидаги янги фазани, янги маданиятни шакллантираётган ҳаётий тамойилдир. Бу тамойил Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Инсон қадри учун» шиорида юксак ифодасини топди.
Эндиликда давлат мулозимлари халқ билан бақамти гаплашмоқда; фуқаро эса томошабин эмас, ислоҳотлар жараёнининг фаол иштирокчисига айланмоқда. Президентимиз таъкидлаган – «Ҳаммамиз бир куч, бир қудрат бўлиб халқимизга хизмат қилишимиз керак»лиги бугун давлат ва халқ ўртасидаги ҳақиқий ҳамжиҳатлик фалсафасига айланди. Бу ёндашув маҳалла институтининг жамият бошқарувида ҳал қилувчи бўғинга айлантирилишида ҳам яққол намоён бўлди. Бугун маҳаллалар фуқаролар ташаббуси, фикри, муаммоси ва ечимларини жипслаштирувчи асосий бўғин ҳисобланади.
Тошкент вилоятида маҳалла, томорқа ва ижтимоий объектларни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар халқ турмуши сифатини оширишга, ҳаёт тарзида ҳақиқий ўзгариш ясашга қаратилган. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган маҳаллабай ишлаш тизими вилоятда инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйиш тамойилини амалда тасдиқламоқда. Жумладан, 1018 та маҳаллада 650,4 мингта хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 97,3 фоизи «Онлайн маҳалла» электрон платформасига интеграция қилинди. Бу нафақат рақамлаштириш, балки ҳар бир оиланинг муаммоси, эҳтиёжини алоҳида ёндашув асосида ҳал этиш имконини яратди.
Маҳалла фаоллиги орқали ривожланаётган яна бир муҳим йўналиш – ижтимоий инфратузилмани тубдан янгилашдир. 2025 йилда вилоятда 14 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилиши, 83 тасининг реконструкция қилиниши бу фақат бинолар янгиланишини англатмайди, балки болалар учун илмий ва маънавий муҳитни мукаммаллаштириш, демакдир. Мактабларда виртуал лабораториялар ташкил этилиши эса таълим сифатига «жон» ато этмоқда. Бу лойиҳалар ёш авлоднинг келажакда рақобатбардош, технологик ва интеллектуал жиҳатдан кучли шахс бўлиб камол топишига хизмат қилади.
Фаровонлик муҳри
Тошкент вилоятида «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларининг сифатли амалга оширилиши фуқаро билан давлат ўртасидаги ишонч кўприги, янги бошқарув маданиятини англатади. Эндиликда фуқаролар бу жараёнда фақат ижрони кутувчилар эмас, балки қарор қабул қилишда фаол иштирок этувчи, жамоат бошқарувида тенг ҳуқуқли ва таъсирли иштирокчига айланмоқда.
2024 йилда «Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсуми доирасида вилоят аҳолиси томонидан 27 мингдан ортиқ лойиҳа илгари сурилди. Бу ташаббусларнинг 23 мингдан зиёди саралаб олиниб, «Бир фуқаро – бир овоз» тамойили асосида оммавий овоз бериш жараёни ташкил этилди. Фуқаролар ўз овозлари орқали маҳаллий ривожланишда қайси муаммо биринчи ҳал этилиши кераклигини белгилаб бериш имконига эга бўлди. Бу – жамиятда тенглик ва жавобгарлик руҳини кучайтирувчи тарихий қадам.
Овоз бериш жараёнлари «Очиқ бюджет» портали орқали шаффоф, электрон асосда амалга оширилиб, ҳар бир фуқарога қатнашиш имкони берилди. Бу имкониятдан самарали фойдаланган вилоятдошларимизнинг умумий қиймати 203 млрд. сўмдан ортиқ бўлган жами 181 та лойиҳаси ғолиб деб топилиб, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида махсус жамғармалар ташкил этилди. Бу жамғармалар орқали маблағлар мақсадли йўналтирилиб, лойиҳаларнинг самарали ижроси таъминланмоқда.
Бу жараёнларда Паркент тумани ҳамда Олмалиқ, Чирчиқ ва Бекобод шаҳарлари аҳолисининг фаоллигини эътироф этиш лозим, албатта.
Тошкент вилоятида «Ташаббусли бюджет» орқали амалга оширилаётган лойиҳалар аҳолининг кундалик турмуш тарзида ўз аксини топмоқда. Маҳаллий йўлларни таъмирлаш, мактаб ва боғчаларни ободонлаштириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш каби ташаббуслар орқали одамлар ўз турмуш тарзини, ҳаёти сифатини ўзгартирмоқда. Бу жараён фақат инфратузилмани эмас, балки одамларнинг давлатга, оиласига ва маҳалласига бўлган муносабатини янгиламоқда.
Ташаббуслар эндиликда юқоридан эмас, балки ҳаётнинг ўзидан, янаям аниқроғи, халқнинг қалбидан бошланмоқда. Ва улар фақат мурожаатда эмас, ҳал этилаётган, молиялаштирилаётган, натижа берувчи ҳаракатларга айланмоқда. Тошкент вилояти бу тажриба орқали фуқаролар иштирокидаги бошқарувнинг ҳаётий моделини намоён этяпти, бу нафақат демократик ислоҳот, балки халқнинг овозини ҳақиқий қудратга айлантириш жараёнидир.
Аҳоли учун қулай ва муносиб уй-жойлар қуриш бу инсон қадрини юксалтириш, оила фаровонлигини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ҳаётга бўлган ишончини оширишга қаратилган тўлақонли ислоҳот. Шу боис, бугунги кунда Тошкент вилоятида янги уй-жойлар фаровон ҳаётнинг муҳрига айланмоқда.
Эртанги кун учун бугунги даъват
Бугун Ўзбекистон тараққиёти янги босқичга кўтарилар экан, жамиятнинг барча қатлами юксак масъулият ҳисси, ватанпарварлик туйғуси ва фаол фуқаролик позицияси билан миллий юксалиш сари дадил қадам ташламоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фақат институционал ўзгаришлар эмас, балки халқ онгидаги, ҳаётга бўлган муносабатдаги янгиланишлардир. «Буюк келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этамиз!» деган эзгу ғоя бугун ҳар бир соҳада, ҳар бир инсон фаолиятида амалий мазмун касб этмоқда.
Юрт фидойилари – ўқитувчи, шифокор, муҳандис, тадбиркор ва ҳар бир меҳнаткаш ўз соҳаси орқали Ватан равнақига ҳисса қўшмоқда. Улар ҳар куни жасорат билан қарорлар қабул қилмоқда, булар – яхшироқ таълим бериш, сифатлироқ хизмат кўрсатиш, самарали ишлаб чиқариш, ҳалол меҳнат қилиш ва келажак учун масъулиятни ўз зиммасига олиш. Ҳақиқий тараққиёт шу вақтнинг ўзида амалга оширилаётган шижоатли қадамлардан бошланади. Бу қадамлар буюк келажак сари йўл очади. Ва бу йўлда энг катта куч бирлашган халқ иродаси, фидойи инсонлар ва юракдан қўшилган ҳаракатдир.
Бугун биз, Тошкент вилоятининг педагогик жамоаси, қалбимиз қўри ва юксак масъулият туйғуси билан юртдошларимизга, барча соҳа вакилларига, айниқса, ёш авлод тақдири учун жавобгарликни елкасида кўтариб келаётган ҳар бир инсонга самимий мурожаат билан юзланамиз:
«Биз буюк келажакни орзу қилибгина эмас, уни яратишни зиммамизга олган авлодмиз. Бу йўлдаги энг катта бойлигимиз билимли, эзгу ниятли, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган, ҳақиқий маънода «келажак эгалари» дея ишонч билдирилган ёш авлоддир. Улар бизнинг фахримиз ҳам, масъулиятимиз ҳам. Шундай экан, уларни эл-юрт, давлат, жамиятни юксалтирадиган, халқ дардини ҳис этадиган, Ватанга хизмат қилишни ҳаёт мақсади деб билувчи инсон сифатида тарбиялашимиз шарт.
Бугунги ислоҳотлар – фақат бугун учун эмас. Улар эртанги Ўзбекистон учун, учинчи Уйғониш даври учун қўйилган дадил ва ишончли қадамдир. Бу ислоҳотлар дилида садоқат, кўзида юрт равнақига ишончи бор ёшлар томонидан давом эттирилиши керак. Улар бу жараённинг фақат гувоҳи эмас, балки ғоявий ва амалий пойдеворини мустаҳкамловчи ворисларидир.
Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар – саноатдан тортиб қишлоқ хўжалигигача, таълимдан соғлиқни сақлашгача, туризмдан хизмат кўрсатиш соҳаларигача инсон имкониятини очишга, ёшлар қобилияти ва салоҳиятини юксалтиришга қаратилган. Демак, ҳар бир лойиҳа, ҳар бир ўзгариш – ёшларимизнинг орзу-умиди учун!
Шундай тарихий даврда ҳар бир мутахассис – ўқитувчи, муҳандис, шифокор, тадбиркор, фермер, ҳунарманд ва зиёлидан фақат билим ва маҳорат эмас, балки ўз касбига садоқат, халққа муҳаббат ва ёшларга ғамхўрлик кутилмоқда. Чунки фарзандларимизни биз фақат дарслик билан эмас, балки руҳий камолот, маънавий баркамоллик ва юксак масъулият туйғуси билан тарбияласак, улар нафақат етук мутахассис, балки юртга хизмат қилувчи фидойи шахс бўлиб камол топади. Зеро, келажак – бугунги жасорат, фидойилик ва ҳамжиҳатликда яратилади!»
Ғофуржон МУҲАМEДОВ,
Чирчиқ давлат педагогика университети ректори,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг