Исроил БМТга тегишли машинага ҳужум уюштирганини «алоқа хатоси» деб атади

15:39 30 Август 2024 Дунё
211 0

Фото: Reuters

Исроил ҳарбий бўлинмалари ўртасидаги «алоқа хатоси» туфайли Ғазода БМТга тегишли Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) машинасига ўқ узилганини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги элчиси ўринбосари Роберт Вуд БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо бўйича йиғилишида айтиб ўтди ва Исроилни ўз тизимидаги муаммоларни ҳал қилишга чақирди.

«Reuters» нашрининг ёзишича, Вуд, Исроил ўз хатолари учун жавобгарликни зиммасига олиши ва Исроил Мудофаа Кучлари буни қайтарилмаслиги учун жавобгарлик ҳис қилишлари кераклигини билдирди.

Қайд этилишича, ҳафта ўртасида Жаҳон озиқ-овқат дастури ўз ходимларининг Ғазо бўйлаб ҳаракатланишини вақтинча тўхтатиб қўйди, чунки унинг автомобилларидан бири Исроил ҳарбий назорат-ўтказиш пункти яқинида ўққа тутилган.

Махсус рухсатномалар олганига қарамай, Жаҳон озиқ-овқат дастури автомобиллари Ғазо кўприги назорат пунктига яқинлашаётганда ўққа тутилган. Ҳодиса вақтида автомобил ичида ҳеч ким жабрланмагани айтилди.

Бунга жавобан WFP хавотир билдирди ва можаро зоналарида гуманитар ходимлар хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Ташкилот Исроил ҳукуматига нисбатан ишончсизлик билдирмоқда. Ташкилот томонидан гуманитар ҳаракатларнинг тўхтаб қолиши ҳудудда аҳволни янада ёмонлаштирмоқда.

Ушбу ҳодиса Ғазода фаолият юритаётган гуманитар ташкилотлар ўртасида алоқа ва мувофиқлаштиришни яхшилашга чақирди. Минтақада кескинлик давом этар экан, БМТ ходимлари ва халқаро гуманитар ёрдам ходимларини ҳимоя қилиш муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Қайд этиш керакки, гуманитар ёрдам машиналарига исроиллик аскарларнинг ҳужум уюштириши аввал ҳам содир бўлган, аммо ҳеч бирида ушбу ҳаракатларига жавобгарликни бўйнига олмаган.

Аввалроқ, ўзбекистонлик паралимпиадачилар мусобақанининг биринчи кунини 2 та медаль билан бошлаганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?