Иқтисодиётни ривожлантиришнинг замонавий модели

15:24 16 Январь 2026 Жамият
278 0

Пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган навбатдаги матбуот анжуманида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг иқтисодиётни ривожлантиришнинг замонавий моделини шакллантириш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш йўналишидаги устувор вазифаларни такомиллаштириш масаласи муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг таъкидлашича, стратегиянинг янгиланиши мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, бу жараёнда фуқароларнинг фаол иштирок этиши белгиланаётган мақсадларни янада халқчил ва ҳаётий бўлишини таъминлайди.

Дарҳақиқат, янгиланаётган стратегиянинг бош мақсадларидан бири — 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 бараварга ошириш ва Ўзбекистонни даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига олиб чиқишдир. Бунга эришиш учун ялпи ички маҳсулотни 240 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига даромадни 5 минг доллардан ошириш ва давлат қарзини ЯИМга нисбатан 50 фоиздан юқори чиқармаслик каби муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда. Бу рақамлар ортида барқарор иқтисодий ўсиш, минглаб янги иш ўринлари яратиш, одамларнинг турмуш даражаси яхшилаш каби ҳаётий масалалар турибди, албатта.

— “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг янгиланишида инвестициявий жозибадорликни янада ошириш, қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш ҳам кўзда тутилган, — дейди Инвестициялар, саноат ва савдо вазири маслаҳатчиси Абдулла Ҳошимов. — Устувор режага кўра, асосий капиталга киритиладиган инвестициялар йиллик ўртача 5-7 фоиз ўсиб, хорижий инвестициялар ҳажми эса ҳар йили ўртача 7 фоиз оширилади. Энг аҳамиятлиси, умумий қиймати 150 миллиард доллар бўлган 400 дан зиёд стратегик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Иқтисодий ислоҳотлар мустаҳкам молия-банк тизимисиз кутилган самара бермаслиги аниқ. Шу нуқтаи назардан, 2030 йилга бориб инфляцияни 5-6 фоиз даражасида барқарорлаштириш, кредитлаш ҳажмини 720 триллион сўмга етказиш, депозитлар ҳажмини 560 триллион сўмга ошириш ва давлат банклари улушини 55 фоизгача камайтириш вазифалари белгиланган. Буларни барчаси мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштириши, иқтисодий рақобатбардошлигини ошириши, шубҳасиз.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер