Инсонпарварликнинг ифодаси ҳар бир хонадондан бўй кўрсатмоқда

11:41 18 Ноябрь 2024 Жамият
220 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 сентябрда қабул қилинган “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши ўзининг ижобий самарасини бера бошлади. Бундай марказлар ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлашга хизмат қилмоқда.

— Ушбу марказ фаолияти мен каби ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширди, — дейди Избоскан туманидаги “Истиқлол” МФЙда яшовчи Фазлиддин Мадатов. — Тўғриси, ҳаётдан чарчаб, умидларим сўниб бўлганди. Аёлим иккимизнинг кўзимиз ожиз бўлгани учун имкониятларимиз чекланган. Тирикчиликка ҳам, уйда яшаш учун ҳам қулай шароит яратишга кучимиз етмай қолганди. Гарчи, ногирон бўлсак-да, мана, 10 йилдирки, ногиронлик гуруҳига тавсия қилишмади. Шу пайтгача бирорта масъул ҳолимиздан хабар олмаганди. Ўзимизни жамиятга кераксиз одамдек ҳис қилиб, ҳаммасидан кўнглимиз совиб турган бир пайтда маҳалламизга бириктирилган ижтимоий ходим уйимизга келиб, шароитимиз билан танишди. Унинг кўмаги билан 1-гуруҳ ногиронлиги тайинланди. Уйимизда таъмирлаш ишлари бажарилди. Кўзи ожизлар ҳассаси билан таъминландик. “Инсон” ижтимоий маркази фаолияти ҳақиқатан ҳам инсонпарварликнинг яққол ифодаси экан.

— Маҳалламиз вилоятимиздаги энг катта ҳудудлардан бири бўлиб, етти минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Истиқлол” маҳалласига бириктирилган ижтимоий ходим Саидислом Сайдаҳмедов. — Хонадонбай ишлаш тизими орқали хатлов ўтказилганида 235 нафар маҳалладошлар ижтимоий кўмакка муҳтож эканлиги аниқланди. Улардан кимдир даволанишда муаммога учраган бўлса, яна бошқаси боқувчиси йўқлигидан азият чекмоқда эди. Ногиронлиги тайинланмаган ногиронларнинг, эртаси тугул бугунги кунидан ҳам умиди сўнганларнинг орамизда мавжудлиги менга қаттиқ таъсир қилди. Уларга нафақат моддий ёрдам, балки маънавий кўмак ҳам зарур. Шу боис амалий ишларга киришдик. Натижада шу кунгача 279 нафар фуқароларга бир неча турдаги ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Жамиятдаги ўз ўрнини тиклашлари учун айримлари иш билан таъминланган бўлса, бошқаларига васийлик тайинланишига эришилди. Бир сўз билан айтганда, бу ҳаётда ҳар кимнинг ўз ўрни борлигини фаолиятимиз давомида намойиш этиб келмоқдамиз.

Дарҳақиқат, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда юртдошларимиз ишончини оқлашга эришмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?